"Бойсун баҳори"га бағишланган матбуот анжумани ўтказилди
Бойсун туманидаги туризм мажмуасида "Бойсун баҳори" халқаро фольклор фестивалига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Туризм қўмитаси, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги мутасаддилари, шунингдек, фестивалда иштирок этаётган хорижий делегациялар ва фольклор жамоалари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар ҳамда фаоллар иштирок этди.
Маҳаллий ва хорижлик журналистлар, блогерлар иштирок этган анжуманда Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг ахборот хизмати раҳбари – давлат тили бўйича маслаҳатчиси Муродбек Давлатов жорий йил ўн учинчи марта ўтказилаётган халқаро фестиваль турли миллат ва элат вакиллари ўртасида маданий мулоқотни кенгайтириб, ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, Сурхон воҳасининг жозибадор туристик салоҳияти, бой номоддий маданий меросини жаҳонга кенг тарғиб этишга хизмат қилаётганини қайд этди.
Сайёрамиз халқларининг моддий ва маънавий меросини улуғлаётган фестивалнинг халқаро майдондаги нуфузи, миллий маданий меросимизни асраб-авайлаш, кенг тарғиб этишдаги ўрни ва аҳамияти ҳақида атрофлича сўз юритди. Дунё тамаддуни бешикларидан бири бўлган Бойсуннинг бой фольклор санъати, этномаданияти ва туристик салоҳияти тўғрисида фикр алмашди. Бир ҳафта давом этадиган халқаро фестивални юқори савияда ташкил этиш, меҳмонлар ва иштирокчилар учун яратилган шарт-шароитлар, халқаро кўрик-танловни ўтказиш тартиблари хусусида маълумот берди.
[gallery-29125]
Матбуот анжуманида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.
Холмўмин Маматрайимов, Жонибек Қўзимуродов (сурат), ЎзА