Депутат назорати: мурожаатдан амалий натижагача
Депутатлик фаолиятининг асосини сайловчилар манфаатини ҳимоя қилиш, уларни қийнаётган масалаларни тегишли ташкилотлар олдига олиб чиқиш ва амалий ечим топилишига эришишдан иборатдир. Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Беҳзод Тўхтамуродовнинг ҳудудларда олиб бораётган ўрганишлари ва депутатлик ташаббуслари бу борадаги амалий ишларга мисол бўла олади.
Жумладан, Навоий вилояти Конимех туманидаги Боймурод маҳалласига қарашли Қўшқудуқ овули аҳолиси узоқ йиллардан буён қумли ва нотекис йўл муаммосидан азият чекиб келаётган эди. Айниқса, бу ҳолат аҳолининг кундалик қатнови, чорвачилик билан боғлиқ юмушлари ҳамда зарур хизматлардан фойдаланишида қатор ноқулайликларни келтириб чиқарарди.
Аҳоли мурожаатлари асосида мазкур масала депутат томонидан жойига чиққан ҳолда ўрганилиб, масъул ташкилотлар иштирокида муаммони бартараф этиш чоралари муҳокама қилинди. Натижада давлат аҳамиятига эга D-208 – D-191 автомобиль йўлининг “Боймурод – Қўшқудуқ – Дарвоза – Қандибай – Чордара сув омбори” йўналишида таъмирлаш ишлари бошланди.

Қарийб 200 километрлик олис йўналишнинг 40 йилдан буён таъмирланмагани минглаб фуқароларнинг қатновида жиддий қийинчиликларни келтириб чиқараётгани аҳоли мурожаатлари асосида кўтарилган.
Мазкур ташаббус натижасида Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган алоҳида йўл харитасига ушбу йўлнинг 14 километр қисмининг асосини таъмирлаш ва асфалтлаш ишлари киритилиб, уни амалга ошириш 2027 йилга режалаштирилган эди.
Бироқ депутатлик назорати ва масъуллар билан олиб борилган амалий мулоқотлар натижасида ишлар белгиланган муддатдан олдин бошланди. Ҳозирда йўлнинг 14 километрлик қисмида таъмирлаш ишлари тўлиқ якунланиб, унинг 6 километрига асфальт ётқизилди.
Партия вилоят Кенгаши раиси Мансуржон Ҳамидов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Беҳзод Тўхтамуродов ҳамда “Адолат” СДП Конимех туман Кенгаши раиси Қудайберди Жанхўжаев йўл қурилиши ва асфалтлаш билан боғлиқ ишлар атрофлича кўриб чиқилиб, қолган қисмдаги ишларни 2026 йил ноябрь ойи якунига қадар тўлиқ якунлаш бўйича масъуллар билан келишиб олинди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири