Депутат ижтимоий соҳа фаолияти билан танишди
Депутатлар томонидан партия сайловолди дастуридаги вазифаларнинг ижросини ўрганиш ва уларнинг бажарилиши юзасидан жамоатчиликни хабардор қилиш, партия дастурини тарғиб қилиш, янги қабул қилинган қонунларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш ҳамда сайловчиларнинг муаммоларини ўрганиш ва ижобий ҳал этиш борасида жойларда амалий тадбирлар ўтказилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси Сайёра Имамова Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош туманида бўлиб, тиббиёт муассасасида аҳолига сифатли тиббий ёрдам кўрсатилиш ҳолатини, аҳоли вакиллари билан мулоқот қилиб, уларни ўйлантираётган муаммоларни ўрганди.

Дастлаб, депутат тумандаги “Марказий” маҳалла фуқаролар йиғинидаги “маҳалла еттилиги” вакиллари билан учрашди. Улар билан мулоқот давомида юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, шу жумладан, Қорақалпоғистон учун қабул қилинган фармон ва қарорлар асосида амалга оширилаётган ишлар хусусида батафсил маълумот берилди.
Шунингдек, учрашувда маҳалла ободлиги ва аҳоли фаровонлигини яхшилаш, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар, аҳолини камбағалликдан чиқаришга кўмаклашиш, уларнинг муаммоларини ҳал қилиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли вакилларига ижтимоий хизмат кўрсатиш борасида амалга оширилаётган ишлар борасида суҳбатлашди.

Депутат Сайёра Имамова Тахиатош туманидаги 4-сонли умумтаълим ўрта мактабининг инклюзив таълим фаолиятини ҳам ўрганди. Ушбу мактабда махсус педагоглар билан мулоқот қилди ва инклюзив синфлари, шу жумладан, махсус инвентарлар, ўқув қуроллари билан таъминланишини, таълим олаётган ўқувчиларга яратилган шароитлар, шунингдек, ушбу мактабда ташкил этилган музей фаолияти билан ҳам танишди.
Шундан сўнг, депутат тумандаги Оилавий поликлиникада бўлиб, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати билан яқиндан танишди ва тиббиёт ходимлари билан мулоқот қилди. Ушбу тиббиёт муассасасида замонавий лаборатория фаолияти ташкил этилган бўлиб, ҳудуд аҳолиси учун барча зарур тиббий таҳлилларни шу ернинг ўзида, тезкор ва аниқ амалга ошириш имконияти яратилган. Бу эса касалликларни эрта босқичда аниқлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Шунингдек, тиббиёт масканининг техник имкониятлари ва дори-дармон таъминоти ҳам кўздан кечирилди. Шифокорлар билан бўлган суҳбатда аҳолининг тиббий хизматдан розилиги соҳадаги ислоҳотларнинг бош мезони эканлиги таъкидланди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.