Демократик тараққиётда фуқаролик жамияти институтларининг ўрни
Самарқанд шаҳрида “Демократик тараққиётда фуқаролик жамияти институтларининг аҳамияти: Ўзбекистон ва Марказий Осиё мамлакатлари тажрибаси” мавзусида Марказий Осиё фуқаролик жамияти форуми ўтказилмоқда.
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда АҚШ, Канада, Бельгия, Буюк Британия, Венгрия, Германия, Испания, Франция, Швеция, Туркия, Озарбайжон, Ҳиндистон, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Қозоғистон давлатларидаги ақл марказларидан ташриф буюрган халқаро экспертлар, шунингдек, мамлакатимиздаги жамоат тузилмалари, илмий-тадқиқот институтлари, давлат органлари ва ОАВ вакилларидан иборат 200 нафарга яқин мутахассис иштирок этмоқда.

Форумнинг ялпи мажлисида Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази директори Азамат Пардаев, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Сабине Маҳл, Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов, ҳамкор халқаро ташкилотлар вакиллари сўзга чиқиб, мазкур анжуманнинг мақсад ва вазифаларига эътибор қаратди.

9 та алоҳида сессияга бўлинган ҳолда давом этадиган асосий тадбирларда Ўзбекистон ва Марказий Осиё мамлакатлари тажрибасини қиёсий ўрганиш, демократик тараққиётнинг умумий тенденцияларини аниқлаш, мавжуд масалаларни таҳлил қилиш ва истиқболли вазифаларни белгилаш кўзда тутилган.
Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат), ЎзА