Экологик талабларга риоя қилиш ҳолати ўрганилди
Бугун юртимизда яшил ҳудудларни кенгайтириш, ҳудудларнинг иқлим шароитига мос бута ва дарахт кўчатларини кўпайтириш, чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш масалаларига устувор аҳамият қаратилмоқда. Зеро, долзарблашиб бораётган экологик муаммолар ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларни жадаллаштиришни тақозо этади.
Бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг жойлардаги ижроси билан танишиш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Экологик партия фракцияси раҳбари Абдушукур Ҳамзаев ҳамда депутат Сапаргул Утемуратова Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб, қатор ўрганиш ишларини олиб боришмоқда.
Халқ вакиллари Беруний туманидаги Жайҳун маҳалласида бўлиб, бу ердаги «Ходжаев Ҳакимбой» масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан яқиндан танишдилар. Мазкур МЧЖ томонидан чиқиндиларни қайта ишлаш тизими йўлга қўйилгани депутатларнинг эътиборини тортди.
— Чиқиндиларни қайта ишлаш ва уларни ресурсга айлантириш атроф-муҳитни асраш, экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда янги иқтисодий имкониятлар яратиш нуқтаи назаридан муҳим, — дейди Экопартия етакчиси А.Ҳамзаев. — Бироқ, бундай фаолият аҳолига ноқулайлик туғдирмаслиги, тадбиркорлик манфаатлари билан бир қаторда фуқароларнинг манфаатлари ҳам таъминланиши лозим. Шу мақсадда туман ҳокимлигига корхона учун аҳоли яшаш ҳудудидан чеккароқ жойдан ер ажратиш, зарур инфратузилмани яратиб бериш, тадбиркорлик фаолиятини янада кенгайтириш ва ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича таклиф киритадиган бўлдик. Бу, бир томондан, тадбиркорлик фаолиятини кучайтиришга имкон берса, иккинчи томондан, маҳалла аҳолиси учун қулай ва хавфсиз муҳитни таъминлашга хизмат қилади.
Шунингдек, депутатлар Беруний туманида "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида олиб борилаётган ишлар билан ҳам танишдилар.
Яқинда давлатимиз раҳбари бошчилигида ўтказилган йиғилишда ушбу лойиҳанинг кузги мавсумига пухта тайёргарлик кўриш, ҳар томонлама маррани юқори олиш таъкидланиб, вилоят, туман ҳокимлари ҳамда бошқа тегишли мутасаддиларга ҳудуд иқлимига мос кўчат захираларини тайёрлаш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилган эди.

Туманда мазкур топшириқлар бўйича амалга оширилаётган ишлар ўрганилар экан, Беруний давлат ўрмон хўжалигида 26 гектардан зиёд ер майдонида Қорақалпоғистон иқлимига мос катальпа, ясин, айлант, қайрағоч, оқ акация, жийда, тут, қора тол, терак каби кўчатлар захираси етиштирилаётганига гувоҳ бўлинди. Маълум қилинганидек, Беруний давлат ўрмон хўжалиги томонидан "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси учун йилига 500 минг тупдан зиёд кўчат етказиб берилмоқда.
Мулоқотлар давомида мутасаддиларга кўчатларни экиш майдонларига зарарсиз етказиб бериш, ҳудуд иқлимига мос кўчат навларини янада кўпайтириш бўйича тегишли тавсиялар берилди.
М.Комилова, ЎзА