Дакар ёшлар Олимпиадаси: Ўзбекистонлик спортчилар старт олмоқда
Сенегал пойтахти Дакар шаҳрида 200 дан зиёд давлатнинг 2 минг 700 нафарга яқин спортчилари иштирокида ёшлар ўртасидаги IV ёзги Олимпия ўйинлари давом этмоқда.
Ёшлар Олимпиадасида мамлакатимизнинг 19 нафар аъзоси 11 та спорт туридаги баҳсларда ватанимиз шарафини ҳимоя қилишга ҳозирланмоқда.
Куни кеча Дакар шаҳридаги Спортчилар шаҳарчасида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раисининг ўринбосари Шерзод Тошматов раҳбарлигида IV ёзги Олимпия ўйинларида қатнашаётган мамлакатимиз спортчилари ва мураббийлари иштирокида штаб йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда делегация аъзоларининг мусобақаларга тайёргарлиги, спортчиларнинг ҳолати ҳамда олдинда турган мусобақалар мундарижаси муҳокама қилинди.
Спортчиларимизнинг мусобақаларда ўз имкониятларини тўлиқ намоён этиши юзасидан зарур тавсиялар бериб ўтилди.
Айтиш лозим, “Дакар-2026” дастурига мувофиқ, 1 ноябрда сузиш ва дзюдо мусобақаларида совриндорлар аниқланди. Дзюдо мусобақаларида иштирок этаётган ҳамюртимиз Жўрабек Эшпўлатов ва сузиш баҳсларида қатнашаётган Муҳаммадисмоил Раҳмонов ва Паризод Абдукаримова эртага, 3 ноябрдан беллашувларга киришади.
Дзюдонинг -100 кг. вазн тоифасида баҳс олиб борадиган Жўрабек қуръа натижасига кўра, саралаш мусобақасида таиландлик Чинон Канисорн билан куч синашади.
Эслатиб ўтамиз, ёшлар Олимпиадаси мусобақалари 13 ноябрга қадар давом этади.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА