Чехия Бош вазири Тошкент шаҳридаги технопаркка борди
Чехия Республикаси Бош вазири Андрей Бабиш 30 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ҳамроҳлигида Тошкент шаҳридаги технопаркка ташриф буюрди.
Мазкур замонавий саноат мажмуаси давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 1 майдаги “Саноат кооперациясини янада ривожлантириш ва талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ташкил этилган.
Технопарк ҳудудида умумий қиймати 500 миллион долларга яқин 20 та ишлаб чиқариш қуввати фаолият юритмоқда. Корхонада 5 минг нафардан ортиқ ходим меҳнат қилмоқда.
Олий мартабали меҳмон эътиборига корхоналарда ишлаб чиқарилаётган маиший техника, электрон ҳисоблагичлар, лифт ва эскалаторлар, насослар, саноат қозонхоналари ҳамда совитиш тизимлари каби кенг турдаги юқори технологик маҳсулотлар тақдим этилди.
[gallery-29095]
Технопарк дунёга машҳур компаниялар, жумладан, Pietro Fiorentini, Samsung Electronics, Ferroli ва бошқа етакчи брендлар билан ҳамкорлик қилади.
Маҳсулотлар хорижий брендлар остида ва улар назорати асосида ишлаб чиқарилмоқда. Улар ички ва ташқи бозорларда юқори талабга эга бўлиб, бугунги кунда дунёнинг ўндан ортиқ мамлакатига экспорт қилинмоқда.
Меҳмонларда мамлакатимизнинг саноат салоҳияти, маҳсулотлар ассортименти ва уларнинг сифати катта таассурот қолдирди.
Марҳабо ҲОЖИАКБАРОВА,
Сарвар ЎРМОНОВ(сурат),
ЎзА