Иқтисодий саводхонлик – фаровонлик калити
Иқтисодий билимларнинг мукаммаллиги ҳаёт фаровонлигини таъминлашда, моддий неъматлардан тўғри ва унумли фойдаланишда муҳим аҳамиятга эга. Пулни тўғри бошқариш бу - келажакни онгли қуриш демак.
Айнан шу ғоя асосида ҳар йили “Global Money Week” (“Умумжаҳон пул ҳафталиги”) халқаро таълим ҳафталиги ҳамда унинг доирасида аҳолининг молиявий саводхонлигини оширишга қаратилган қатор тадбирлар ташкил этилади.
Ушбу ҳафталикнинг асосий мақсади ёш авлодда тўғри жамғариш, шахсий молияни самарали бошқариш кўникмаларини шакллантириш, банк ва молиявий хизматлардан онгли фойдаланишни тарғиб қилиш ҳамда молиявий хавф-хатарларни англаш бўйича билимларни кенгайтиришдан иборат.

Мазкур ташаббус доирасида “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамиятига бириктирилган Тошкент шаҳридаги маҳалла кутубхоналарида “Smart spending” мавзусида тематик тренинглар ўтказилди.
“Smart spending” – “Ақлли харажатлар” - бу узоқ муддатли молиявий мақсадларга эришиш, ўз бюджетини мақбуллаштириш ва кераксиз харидларни бартараф этишга қаратилган пул сарфлашга онгли ва оқилона ёндашув. Ушбу концепция режалаштириш, харажатларни назорат қилиш, эҳтиёжларни истаклардан устун қўйиш ва тежашни автоматлаштиришни ўз ичига олади.

“Smart spending” мавзусида тематик тренинглар "Пахта", "Дўстобод", "Тикланиш" ҳамда "Халқабоғ" маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудларида ташкил этилди. 100 га яқин маҳалла болажонлари, мактаб ўқувчилари ҳамда уларнинг ота-оналари қамраб олинди. Улар учун “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти ходимлари томонидан қизиқарли ва интерактив дарслар ташкил этилди.
Тренинглар давомида иштирокчиларга молиявий режалаштириш, даромад ва харажатларни тўғри тақсимлаш, тежамкорлик одатларини шакллантириш бўйича тушунчалар берилди.

Шунингдек, интерактив маҳорат дарслари доирасида махсус ишлаб чиқилган стол ўйинлари орқали иштирокчиларнинг билимлари мустаҳкамланди.
Фаол иштирок этган қатнашчилар банкнинг эсдалик совғалари билан тақдирланди. Бундай ташаббуслар аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш, айниқса ёшлар орасида молиявий маданиятни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.

“Global Money Week-2026” (“Умумжаҳон пул ҳафталиги – 2026”) доирасидаги тадбирлар ҳудудларда давом этмоқда.
Н.Усмонова,
А.Алижонов (сурат),
ЎзА мухбирлари