Чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар меҳнат тартибини бузганлиги учун жавобгарлик белгиланади
Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси мажлисида бир қатор муҳим масалалар кўриб чиқилди.
Қўмита раиси Одилжон Маматкаримов бошқарган мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун дастлабки тарзда муҳокама қилинди.
Қонун билан чет эл фуқаролари ёки доимий равишда бошқа давлатлар ҳудудида яшаётган фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан меҳнат фаолиятини амалга ошириш тартибини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланиши назарда тутилмоқда.
Ушбу маъмурий ҳуқуқбузарлик улар томонидан такроран содир этилганда ёки белгиланган жарима тўланмаганда улар Ўзбекистон Республикасига кириш ҳуқуқи муайян муддатга чекланган ҳолда мамлакатимиз ҳудудидан маъмурий тарзда чиқариб юборилади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ушбу турдаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқадиган суд ва давлат органларининг ваколатлари аниқлаштирилишини назарда тутадиган ўзгартиришлар киритилмоқда.
Сенаторлар қонун билан киритилаётган ўзгартиришлар чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан меҳнат фаолиятини амалга ошириш тартибига риоя этилишини таъминлашга ва ноқонуний меҳнат фаолиятининг олдини олишга хизмат қилишига эътибор қаратди.
“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун ҳам дастлабки тарзда кўриб чиқилди.

Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хорижий тиллардан ўзлаштирилган баъзи тушунчалар ва юридик атамаларни давлат тилидаги муқобили билан алмаштириш орқали уларни ягона шаклга келтиришни назарда тутадиган тузатишлар киритилмоқда.
Муҳокама якунида қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА