Бухоронинг йил ҳамшираси аниқланди
Инсон саломатлигини асрашда ҳамшираларнинг фидокорона меҳнати, юксак масъулияти ва касбий маҳорати ҳар доим муносиб эътирофга лойиқ. Ана шу эзгу мақсадлар йўлида Бухоро вилоятида “Йил ҳамшираси – 2026” кўрик-танловининг вилоят босқичи юқори савияда ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ҳамда Ўзбекистон Ҳамширалар ассоциацияси ҳамкорлигида ўтказилган танловдан кўзланган асосий мақсад ўрта тиббий ходимларнинг касбий салоҳиятини ошириш, уларнинг меҳнатига муносиб баҳо бериш, соҳа ходимларини рағбатлантириш ҳамда тиббиёт соҳасининг нуфузини янада юксалтиришдан иборатдир.

Танловда вилоятдаги соғлиқни сақлаш муассасаларида фаолият юритаётган малакали ўрта тиббий ходимлар иштирок этиб, ўз билим ва кўникмалари, амалий тажрибаси, касбий маҳорати ҳамда касбга садоқатини намоён этди. Иштирокчилар ўртасидаги соғлом рақобат, билим ва тажриба алмашинуви тадбирнинг мазмун-моҳиятини янада бойитди.
Вилоят босқичи доирасида бир қатор йўналишлар бўйича кўрик-танловлар ўтказилди. Жумладан, “Ҳамшира – 2026” танловида 9 нафар иштирокчи, “Йилнинг энг яхши ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходими” танловида 15 та номинация бўйича номзодлар, “Патронаж доя – аёл саломатлиги таянчи” танловида 14 нафар, “Менинг онам ҳамшира” расмлар танловида 14 нафар ҳамда “Йилнинг энг яхши IТ оператор – ҳамшираси” танловида 13 нафар иштирокчи қатнашди. Бу эса танловнинг қамрови кенг ва аҳамияти юқори эканини яна бир бор намоён этди.

Танлов якунларига кўра энг муносиб иштирокчилар аниқланиб, ғолиб ва совриндорлар тақдирланди. Хусусан, касбий маҳорати, бой тажрибаси ва билим даражаси билан ажралиб турган вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази реанимация бўлими ҳамшираси Шаҳноза Исоқова фахрли 1-ўринни эгаллаб, кўрик-танловнинг республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.
Фахрли 2-ўрин республика Шошилинч тиббий ёрдам маркази Бухоро филиали болалар реанимацияси ҳамшираси Мақсуда Ибодовага насиб этган бўлса, фахрли 3-ўринга Бухоро шаҳар туғруқ комплекси ҳамшираси Мафтуна Каримова муносиб деб топилди.

Шунингдек, иштирокчилар турли номинациялар бўйича ҳам муносиб рағбатлантирилди. Жумладан, “Йилнинг энг яхши ҳамшираси”, “Йилнинг энг яхши тиббий бригада ҳамшираси”, “Йилнинг энг яхши муолажа ва эмлаш ҳамшираси”, “Йилнинг энг яхши операция хонаси ва блоки ҳамшираси”, “Йилнинг энг яхши тез тиббий ёрдам станцияси ҳамшираси”, “Йилнинг энг яхши шошилинч тиббий ёрдам ҳамшираси”, “Йилнинг энг яхши катта ҳамшираси”, “Йилнинг энг яхши дояси”, “Йилнинг энг яхши болалар ҳамшираси” каби йўналишларда ғолиблар аниқланди.
Албатта, бундай танловлар тиббиёт соҳасида меҳнат қилаётган ходимларни рағбатлантириш, уларнинг касбий ўсишига туртки бериш ва аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини янада оширишда муҳим аҳамият касб этади. Зеро, соғлом жамиятни барпо этишда ҳамшираларнинг меҳнати, сабр-тоқати ва инсонпарварлиги алоҳида қадрланади.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА