Миллий қадриятлар – баркамол авлод тарбиясининг пойдевори
ФОТОРЕПОРТАЖ
Бугунги глобаллашув шароитида ёш авлодни миллий руҳда тарбиялаш, аждодлар меросини асраб-авайлаш ва улар онгига чуқур сингдириш тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Чунки миллат келажаги ёшларнинг маънавияти, қадриятларга муносабати ва Ватанга садоқати билан узвий боғлиқ.
Андижон шаҳридаги Президент мактабида таълим-тарбия жараёни замонавий билимлар билан бирга миллий қадриятларга таянган ҳолда ташкил этилган. Бу ерда ўқувчиларни баркамол шахс сифатида тарбиялаш, уларда миллий ғурур, ватанпарварлик ва аждодлар меросига ҳурмат туйғуларини шакллантириш устувор вазифа ҳисобланади.
[gallery-28889]
Мактабда “Қадриятлар ҳафталиги”, “Миллий либослар куни” каби тадбирлар мунтазам ўтказилиб, ўқувчилар миллий урф-одат ва анъаналар билан яқиндан танишмоқда. Маънавий-маърифий тадбирларда халқ оғзаки ижоди намуналари, миллий рақслар ва саҳна чиқишлари орқали қадимий анъаналар замонавий талқинда намоён этилмоқда.
Шунингдек, адабиёт, театр, рақс ва ҳунармандчилик тўгараклари ўқувчиларнинг иқтидорини ривожлантириб, уларда миллий қадриятларга бўлган муносабатни шакллантиришга хизмат қилмоқда.
“Қадриятларни қадрлаймиз” шиори остида ўтказиладиган ёшлар сайллари ҳам ўқувчиларнинг ижодий ва жамоавий фаоллигини оширишга қаратилган. Эътиборлиси, ўқувчилар бу жараёнларнинг фаол иштирокчи сифатида лидерлик ва ташаббускорлик кўникмаларини ривожлантирмоқда.
Зуҳриддин УМУРЗОҚОВ олган(сурат), ЎзА