Бугун – Халқаро ветеринария куни
Ҳар йили апрель ойининг сўнгги шанбасида дунё ҳамжамияти инсоният ва ҳайвонот олами учун беминнат хизмат қилаётган касб эгалари — ветеринария мутахассисларини шарафлайди. 2000 йил Жаҳон ветеринария ассоциацияси (WVA) томонидан асос солинган ушбу байрам ветеринарларнинг ҳайвонлар саломатлиги, атроф-муҳит муҳофазаси ва жамият фаровонлигига қўшаётган ҳиссасини эътироф этиш мақсадида ўтказилади.
Бу йилги Халқаро ветеринария куни "Ветеринарлар: Озиқ-овқат ва саломатлик посбонлари" шиори остида ўтказилмоқда. Бу мавзу бежиз танланмаган. Ветеринария хизмати фермадан дастурхонгача бўлган занжирда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг энг муҳим бўғини ҳисобланади.
Мамлакатимизда ҳам ветеринария соҳасига давлат даражасида катта эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси томонидан соҳани рақамлаштириш, инновацион технологияларни жорий этиш ва мутахассислар малакасини ошириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Бу борадаги ишлар республикамиз ҳудудларида ҳам изчил йўлга қўйилган.
Хусусан, Қишлоқ хўжалиги тараққиёти халқаро жамғармаси иштирокида “Қишлоқ хўжалигини диверсификация ва модернизация қилиш” лойиҳаси асосида Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги билан ҳамкорликда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ташаббуси билан Андижон вилояти Хўжаобод тумани “Хидирша” МФЙ худудига замонавий, энг сўнгги андозада ветеринария клиникаси қуриб битказилди ва замонавий лаборатория асбоб-ускуналари билан жиҳозланди.
Чорвачилик фермер хўжаликлари ҳамда ахоли хонадонларида ҳайвон сақланаётган биноларни дезинфекция қилиш мақсадида қўмита томонидан вилоятга 2 дона махсус дезинфекцияловчи автомашиналар келтирилди ва ҳозирги кунда дезинфекция ишлари олиб борилмоқда.
Ҳайвонларнинг юқумли касалликларга қарши эмлаш жараёнида вакцинанинг “совуқлик занжири”ни сақлаш мақсадида барча 82 та эмлаш гуруҳлари термосумкалар билан тўлиқ таъминланди. Мутахассислар томонидан ҳайвонларни сунъий уруғлантириш ишларини амалга ошириш учун 140 дона Дьюар идиши ҳамда сунъий уруғлантириш жамламалари билан таъминланди.
Самарқанд ветеринария чорвачилик ва биотехнологиялар университетининг малака ошириш курсида ҳар йили 50-60 нафар мутахассис ўз малакаларини ошириб келмоқда. Кейинги 2 йилда ветеринария хизматига 40 нафардан ортиқ ёш умидли кадрлар ишга қабул қилинди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 8 майдаги “Ихтисослаштирилган сўйиш корхоналари фаолиятини тартибга солиш ҳамда истеъмол бозорига гўшт ва гўшт маҳсулотларини етказиб бериш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш бўйича вилоятдаги 18 та ихтисослаштирилган сўйиш корхоналари ветеринария-санитария жиҳатидан хавфсизлиги кафолатланган сўйилган ҳайвон гўштларининг ягона электрон маълумотлар базаси - “Vis-Billur” тизимига киритилди.
Вилоятдаги 20 та ветеринария-санитария экспертиза лабораториялари мутахассислари “Vis-Billur” тизимида ишлаш бўйича билим ва кўникмаларга эга бўлиши учун қайта ўқитилди ҳамда ушбу лабораториялар компьютер, термо принтер жамламаси ва QR-кодли мослама билан таъминланди.
Вилоят ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-оқат маҳсулотлари давлат маркази синов лабораторияси озиқ-овқат маҳсулотлари йўналиши бўйича давлат аккредитациясидан ўтказилди.
Лаборатория текширувлари тезкорлигини ҳамда самарадорлиги ошириш мақсадида Қўмита томонидан махсус жиҳозланган тезкор мобил лаборатория (микроавтобус) билин таъминланди.
Ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-оқат маҳсулотлари давлат марказларида озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш ишларини самарадорлигини ошириш мақсадида 17 турдаги 648 миллион сўмлик замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. 2025 йил мобайнида чорвачилик тармоқларида умумий қиймати 701 миллиард сўмлик бўлган 94 та лойиҳалар амалга оширилиб, 1059 та иш ўринлари ташкил этилди.
Наслчилик ишларини ривожлантириш мақсадида 197,4 минг бош сигир ва таналар сунъий уруғлантирилди. Наслчилик хўжаликлари томонидан аҳоли ва фермер хўжаликларига 2 минг 493 бош наслли қорамоллар ва 238 бош қўйлар тайёрлаб, етказиб берилди. 50 та товар хўжаликлари наслчилик хўжалиги тоифасига ўтказилиб, улар сони 175 тага етказилди.
Дилмурод Қаюмов,
Андижон вилояти Ветеринария ва чорвачиликни
ривожлантириш бошқармаси бошлиғи.
ЎзА