Ифтихорга муносиб маҳалла
Маҳалла – халқ таянчи, инсон қадри улуғланадиган, эзгу ташаббуслар рўёбга чиқадиган муқаддас маскан. Бугун маҳаллаларни ҳар томонлама ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган.
Жорий йил юртимизда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиниши ҳам маҳалланинг ўрни ва аҳамиятини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда. Зеро, маҳалла – бу оддий ҳудуд ёки аҳоли яшаш маскани эмас, балки у – инсон қадри улуғланадиган, эзгу ташаббуслар туғиладиган, меҳнат ва тараққиёт меваси яққол кўринадиган ҳаёт мактабидир. Бугун мамлакатимизнинг ҳар бир маҳалласида кечаётган ўзгаришлар Янги Ўзбекистоннинг буюк мақсадлари ва халқпарвар сиёсатининг амалий ифодаси бўлиб намоён бўлмоқда.
Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги Ифтихор маҳалласи ҳам ана шундай эзгу ўзгаришлар марказига айланган ҳудудлардан. Номига муносиб равишда ифтихор туйғусини уйғотадиган ушбу маҳаллада бугун меҳнат, ташаббус ва ҳамжиҳатлик уйғунлашиб, янги ютуқларга замин яратмоқда.
37 гектар ҳудудда жойлашган маҳаллада 919 оила, 3 минг 138 нафар аҳоли истиқомат қилади. Турли миллат вакиллари ҳам бўлган бу гўшада ўзаро ҳурмат, бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик муҳити ҳукмрон. Маҳалланинг 500 дан зиёд ёши унинг эртанги куни, келажак тараққиётининг ишончли пойдевори ҳисобланади. Ёшларни билимли, ватанпарвар ва ташаббускор қилиб тарбиялаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, орзу-интилишларини қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган ишлар ўз самарасини бермоқда.
Бугунги кунда Ифтихор маҳалласида 178 та тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда. Улар нафақат ўз оиласи, балки маҳалла иқтисодиёти ривожига ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда. Янги иш ўринлари яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва хизматлар кўламини кенгайтириш борасида тадбиркорларнинг фаол иштироки бор.
Президентимиз ташаббуси билан аҳоли тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга қаратилган дастурлар мазкур маҳалла ҳаётида ҳам ўз самарасини кўрсатмоқда. Хусусан, Бизнесни ривожлантириш банки томонидан “Севимли болалар” МЧЖ га 100 миллион сўм кредит маблағи ажратилди. Ушбу лойиҳа асосида ташкил этилган 50 ўринли болалар боғчаси нафақат тадбиркорликнинг яна бир муваффақиятли намунаси, балки маҳалладаги ёш оилалар учун муҳим ижтимоий объектга айланди. Бугун бу даргоҳда болажонлар замонавий шароитларда таълим-тарбия олаётир.Шу билан бирга, янги иш ўринлари яратилиб, аҳоли бандлиги таъминланди.
Мамлакатимизда ҳар қарич ердан унумли фойдаланиш, аҳоли даромадини ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар Ифтихорда ҳам ўзининг амалий натижаларини бермоқда.
Алишер Навоий кўчасида истиқомат қилувчи Шарифа Аҳмадалиеванинг томорқаси бугун маҳалладаги намунавий хўжаликлардан бири сифатида тилга олинади. У ўз меҳнати билан томорқадан самарали фойдаланиш мумкинлигини амалда исботлаган. Хонадон томорқасида экилган ҳар бир кўчат, парвариш қилинган ҳар бир экин меҳнатнинг баракасини намоён этмоқда.
Ифтихорлик Жамол Темуровнинг томорқачилик фаолияти ҳам эътиборга лойиқ. У ярим сотих майдонда иссиқхона ташкил этиб, гулчилик ҳамда сабзавот етиштириш билан шуғулланади.
Омилкор помидор ва бодринг етиштириб, туман аҳолисини сифатли маҳсулотлар билан таъминлашга ҳисса қўшмоқда.
Бу каби ташаббуслар аҳоли ўртасида тадбиркорлик маданиятини шакллантириш, ердан оқилона фойдаланиш ва меҳнат орқали фаровонликка эришиш мумкинлигини намоён этади.
Маҳалла тараққиёти аввало инсонлар учун яратилаётган шароитларда акс этади. Айниқса, болалар ва ёшлар учун барпо этилаётган масканлар келажакка қаратилган энг муҳим сармоядир. Алишер Навоий кўчасида жойлашган болалар майдончаси маҳалла еттилиги ва ҳомий тадбиркорлар ташаббуси билан қайта қурилди. Эски ва носоз ҳолатга келиб қолган майдонча бугун замонавий қиёфага эга бўлиб, болалар кулгуси билан яшнаган.
[gallery-29857]
Ифтихор маҳалласида амалга оширилаётган ҳар бир хайрли ишнинг замирида инсонлар ҳамжиҳатлиги, фаоллиги ва Ватан тақдирига дахлдорлик ҳисси мужассам. Маҳалла еттилиги, нуронийлар, хотин-қизлар фаоллари, ёшлар етакчилари, тадбиркорлар ва фуқароларнинг бир мақсад йўлида ҳаракат қилиши маҳалла тараққиётининг асосий омили бўлиб хизмат қилмоқда.
Маҳаллада кечаётган ўзгаришлар – бу шунчаки рақамлар ёки ҳисобот кўрсаткичлари эмас. Балки, аҳолининг интилишлари, меҳнати, саъй-ҳаракатлари ва келажакка бўлган ишончининг самарасидир. Бу гўшада қурилаётган ҳар бир иншоот, яратилаётган ҳар бир иш ўрни, обод этилаётган ҳар бир кўча ва майдон келажакка қаратилган мустаҳкам пойдевордир. Ифтихор маҳалласи нафақат ўз номи, балки амалга ошираётган эзгу ишлари билан ҳам ифтихорга айламоқда.
Камола Юсупова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА