Божхона тизимида шаффофлик устувор бўлиши лозим
“Янгийўл” ТИФ божхона постида тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказилди. Унда Божхона қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Ғ.Носиров, Тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи А.Исмаилов ҳамда Тошкент вилояти божхона бошқармаси раҳбарияти иштирок этди.
Маълумки, мамлакатимизда тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш, экспорт-импорт жараёнларини қўллаб-қувватлаш ҳамда ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига қулай шароитлар яратиш борасида божхона органлари томонидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Учрашув давомида тадбиркорликни ривожлантириш, ташқи савдо фаолиятини эркинлаштириш ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритилди.

Хусусан, Президентимизнинг 2025 йил 17 декабрдаги “Божхона маъмуриятчилиги ва ташқи савдо тартиботларини янада соддалаштириш ҳамда самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳақида батафсил маълумот берилди. Мулоқотда божхона тизимида рақамлаштириш жараёнларини кенгайтириш, инсон омилини қисқартириш, ортиқча тартиб-таомилларни бартараф этиш, шунингдек, тадбиркорларни қийнаётган муаммоларни жойида ҳал этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.


Таъкидланганидек, 2026 йил давомида Тошкент вилоятида мингдан ортиқ ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига қарийб 1,8 триллион сўмлик божхона тўловларидан имтиёз ва преференциялари қўлланилди. 53 та ҳолатда 27 та тадбиркорлик субъектига 189 миллиард сўмлик божхона тўловларини кечиктириб тўлаш имконияти яратилди. Экспорт юк декларацияларининг 98 фоизи ва импорт декларацияларининг 66 фоизи соддалаштирилган тартибда расмийлаштирилди. Бунда экспорт декларацияларининг 51 фоизи инсон омилисиз автоматик тарзда расмийлаштирилди.


Учрашув давомида масъуллар томонидан божхона органлари фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, тадбиркорлар билан доимий мулоқотни кучайтириш ҳамда уларнинг мурожаатларини тезкор ҳал этиш устувор вазифа экани алоҳида қайд этилди.
А.Мусаев, ЎзА.