Сирожиддин Эшматов: “Тадбиркорлар учун солиқ юки сезиларли даражада камайди” (+видео)
Бугунги кунда мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, бизнес муҳитини янада яхшилаш ва иқтисодий фаолликни рағбатлантириш мақсадида солиқ соҳасида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Айниқса, солиқ юкини камайтириш, ҳисобот тизимини соддалаштириш ва тадбиркорлар учун қулай шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу жараёнлар ҳудудларда қандай кечаётгани, амалий натижалар ва истиқболдаги вазифалар хусусида Қашқадарё вилояти Солиқ бошқармаси бошлиғи Сирожиддин Эшматов билан суҳбатлашдик.
– Кейинги йилларда солиқ соҳасида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, солиқ юкини камайтириш ва бизнес учун қулай муҳит яратишга қаратилган қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу ўзгаришлар кичик ва ўрта бизнес субъектлари фаолиятига қандай таъсир кўрсатмоқда?
– Кейинги йилларда солиқ тизимида жуда катта ва шиддатли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу ислоҳотларни шартли равишда бир нечта асосий йўналишга ажратиш мумкин. Энг аввало, ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад тадбиркорлар зиммасидаги солиқ юкини камайтиришдир. Иккинчи муҳим йўналиш эса солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш, яъни тадбиркорлар учун солиқ тўлаш жараёнларини соддароқ, тушунарли ва қулай қилишдан иборат.
Албатта, бу ўзгаришлар йирик солиқ тўловчиларга ҳам таъсир кўрсатмоқда. Аммо энг катта ижобий натижа кичик ва ўрта бизнес субъектлари учун яратилган имкониятларда намоён бўлмоқда. Айниқса, Президентимиз қарорлари билан якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатор енгиллик ва қулайликлар жорий этилди. Чунки улар мамлакатимиздаги энг кенг тарқалган тадбиркорлик субъектлари ҳисобланади. Масалан, Қашқадарё вилояти мисолида оладиган бўлсак, бугунги кунда фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркорлар сони қарийб 27 минг нафарга етган. Демак, давлат томонидан яратилаётган имтиёз ва енгилликлар айнан шу тадбиркорларнинг фаолиятига бевосита ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Жорий йилдан бошлаб якка тартибдаги тадбиркорлар учун молиявий ҳисоб-китобларни юритишнинг соддалаштирилган механизми жорий этилди. Эндиликда тадбиркор давлат хизматлари идораларига бормасдан, махсус платформани мобиль телефонига юклаб олиш орқали рўйхатдан ўтиши мумкин. Ҳеч қандай ортиқча тўловларсиз, телефон асосида давлат рўйхатидан ўтиб, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш имконияти яратилди.
Шунингдек, савдо фаолияти билан шуғулланувчи якка тартибдаги тадбиркорлар учун ҳам катта енгилликлар берилди. Илгари улар онлайн назорат-касса машиналари ва тўлов терминалларидан фойдаланиши шарт эди. Янги платформа эса ушбу вазифаларни ҳам ўз ичига олган. Энди тадбиркор телефонга ўрнатилган илова орқали савдо тушумларини қабул қилиши, ҳисоб-китобларни амалга ошириши мумкин. Ҳатто алоҳида банк ҳисобрақами очишга ҳам эҳтиёж қолмайди. Платформа асосида тушумлар йиғилади ва маблағларни ўтказиш имконияти ҳам мавжуд.
Солиқ тўловлари бўйича ҳам муҳим енгилликлар жорий қилинди. Илгари якка тартибдаги тадбиркорлар қатъий белгиланган даромад солиғини тўлаб келган бўлса, айланмаси 100 миллион сўмдан ошганда 4 фоизли айланма солиғига ўтар эди. Янги тартибга кўра эса қатъий белгиланган солиқ ҳам, 4 фоизли айланма солиғи ҳам бекор қилинди. Энди якка тартибдаги тадбиркорлар фақат айланмадан 1 фоиз миқдорида солиқ тўлайди.
Бу, албатта, тадбиркорлар учун жуда катта имконият. Масалан, аввал Қарши шаҳри ёки туманларда савдо фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар ўртача 600 минг сўмгача қатъий солиқ тўлар эди. Ҳозир эса агар тадбиркорнинг айланмаси 200 миллион сўмни ташкил этса, у бор-йўғи 1 фоиз, яъни 200 минг сўм солиқ тўлайди. Бу эса уларнинг молиявий имкониятларини кенгайтириб, бизнесини янада ривожлантиришига хизмат қилмоқда.
Ҳисоб-китобларга кўра, вилоят бўйича бир йилда қарийб 89 миллиард сўм маблағ тадбиркорларнинг ўз ихтиёрида қолмоқда. Яъни, бу солиқ ставкаларининг камайтирилиши ҳисобига шаклланаётган маблағдир. Бу эса тадбиркорларга фаолиятини кенгайтириш, айланма маблағини ошириш ва бизнесини ривожлантириш учун қўшимча имконият яратмоқда.
Бу тизимнинг яна бир муҳим қулай томони шундаки, айланмадан 1 фоиз солиқ тўлайдиган тадбиркорлар учун ҳисоб-китоб жараёнлари ҳам тўлиқ соддалаштирилди. Амалдаги тартибга кўра, тадбиркор ўз айланмасини ҳисоблаб, солиқ органларига ҳисобот тақдим этиши лозим эди. Янги платформа эса бу жараёнларни автоматлаштирди. Энди тадбиркор амалга оширган ҳар бир хизмат ёки савдо операциясидан 1 фоиз солиқ автоматик тарзда ажратилади. Ҳисоботларни ҳам платформанинг ўзи шакллантириб, солиқ органларига юборади. Бу эса тадбиркорлар учун ҳар томонлама қулайлик ва енгиллик яратмоқда.
– Таъкидлаганингиздек, тадбиркорлар 1 фоиз солиқ тўлаяпти. Аммо бу жараёнда иқтисодий мувозанат ҳам сақланиши керак. Бу қандай таъминланади?
– Тўғри, иқтисодиётда албатта мувозанат бўлиши керак. Давлат бюджети барқарор таъминланиши муҳим. Лекин иқтисодиётнинг шундай қонунияти борки, солиқ юки қанчалик енгил бўлса, тадбиркорлар шунчалик очиқ ва шаффоф ишлашга интилади. Илгари норасмий фаолият юритганлар ҳам ўз бизнесини қонунийлаштиришга ҳаракат қилади.
Натижада давлат рўйхатидан ўтаётган тадбиркорлар сони ортиб боради. Масалан, мазкур тартиблар жорий этилгандан кейин Қашқадарё вилоятида қарийб 2,5 мингта янги тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтди.
Бу жараёндан аввал биз бозорлар ва аҳоли гавжум жойларда тадбиркорлар билан бевосита мулоқот қилиб, тушунтириш ишларини олиб бордик. Тарғибот ва тушунтиришлар натижасида улар ихтиёрий равишда солиқ тўлаш тизимига ўтмоқда.
Иқтисодий фаоллик ошгани сайин бюджетга тушумлар ҳам кенгаяди. Тадбиркорлар фаолиятини кенгайтиришни бошлайди, айланма маблағи ошганидан кейин эса бизнесини янада ривожлантиришга интилади. Бу эса янги юридик шахслар ташкил этилиши, корхоналар айланмаси кенгайиши ва иш ўринлари кўпайишига хизмат қилади.
Иқтисодиётда пул айланмаси қанчалик кўп бўлса, бошқа иқтисодий бўғинларда ҳам солиқ тушумлари ортиб боради. Бизнинг асосий мақсадимиз иқтисодиётда маблағ айланмасини кўпайтириш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашдир. Шунинг учун айрим қисқа муддатли енгилликлар бўлса ҳам, улар кейинчалик иқтисодий фаолликнинг кенгайиши ҳисобига қопланади.
– Солиқ тушумларини ошириш билан бир вақтда тадбиркорлар учун қулай муҳит яратишда қандай мувозанат сақланмоқда?
– Юқорида таъкидлаганимиздек, солиқ тушумлари бюджет барқарорлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади. Агар бюджет даромадлари барқарор таъминланмаса, бу иқтисодиётга салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шу боис солиқ тушумларини таъминлаш ва иқтисодий мувозанатни сақлаш муҳим аҳамият касб этади.
Бироқ солиқ тушумларини кўпайтириш мақсадида тадбиркорлар фаолиятига тўсқинлик қилиб қўйиш ҳам тўғри эмас. Агар солиқ ставкалари оширилса ёки солиққа тортиладиган база ортиқча кенгайтирилса, тадбиркорнинг маблағ айланмаси қисқариши мумкин. Бу эса бизнес юритишни қийинлаштиради. Оқибатда тадбиркор фаолияти заифлашса, бюджет барқарорлигини таъминлаш имкониятлари ҳам чекланади.
Шунинг учун солиқ сиёсатида тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган имтиёзлар муҳим ўрин тутади. Масалан, жорий йилнинг ўтган тўрт ойлик натижаларига кўра, Қашқадарё вилоятида 26 мингдан зиёд тадбиркорлик субъектига 718 миллиард сўмлик солиқ имтиёзлари қўлланилди. Бу бюджетга тўланиши керак бўлган 718 миллиард сўм маблағ тадбиркорларнинг ўз ихтиёрида қолдирилди дегани.
Ушбу маблағлар тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш ва ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга йўналтирилмоқда. Кенгайган фаолият ва ташкил этилган янги иш ўринлари эса кейинчалик янги солиқ объектлари сифатида шаклланиб, бюджет тушумларининг ортишига хизмат қиляпти. Натижада ўтган йилнинг шу даврига нисбатан солиқ тушумлари ва имтиёзлар кўрсаткичларида камида 15-20 фоизлик ўсиш кузатилган.
Шу билан бирга, яратилаётган имконият ва имтиёзларга қарамасдан, айрим ҳолатларда солиқдан қочиш ёки яширин иқтисодиёт билан боғлиқ ҳолатлар ҳам учраб турибди. Таҳлилларга кўра, салкам 1,5 триллион сўмлик солиқларни камайтириб кўрсатиш ва тўламаслик ҳолатлари аниқланган. Бундай қоидабузарликлар бўйича қонунчилик доирасида ҳуқуқий таъсир чоралари ҳам қўлланилган.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда тадбиркорлар учун жуда қулай шароитлар яратилган. Солиқ ставкалари кўплаб давлатлар, хусусан, минтақа мамлакатлари билан таққослаганда нисбатан паст ҳисобланади. Шунинг учун мавжуд имконият ва имтиёзлардан самарали фойдаланиш, солиқларни ўз вақтида ва тўлиқ тўлаб бориш муҳим аҳамият касб этади.
–Рақамлаштириш жараёнлари солиқ маъмурчилигида қандай ўзгаришларга олиб келди ва бу яширин иқтисодиётни қисқартиришга қай даражада хизмат қилмоқда?
– Биласизми, рақамлаштириш солиқ тизимида вазифаларимизни самарали ташкил этиш учун муҳим воситалардан бири ҳисобланади. Бунинг натижасида биз ижобий натижаларга эришяпмиз. Корхона ва тадбиркорлик фаолияти қанчалик кўп рақамлаштирилса, солиқдан қочиш имкониятлари шунчалик қисқаради. Натижада тадбиркорлик фаолияти янада шаффофлашади, даромадлар очиқ кўринишга келади ва солиққа тортиладиган объектлар ҳақидаги маълумотлар аниқ шаклланади.
Ушбу маълумотлар солиқ органлари базалари билан интеграция қилинганда, солиқ тушумларини кўпайтириш имкониятлари ҳам кенгаяди. Кейинги йилларда бозорларни рақамлаштириш бўйича ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Масалан, бугунги кунда Қашқадарё вилоятида 12 та бозор тўлиқ рақамлаштирилган. Эндиликда бозорларда қайси савдо жойи учун патта тўлови амалга оширилгани, қайси жой учун тўлов қилинмагани, шунингдек, автотураргоҳларда қайси транспорт воситалари учун ҳақ ундирилаётгани каби жараёнларнинг барчаси рақамли платформа асосида юритилмоқда.
Бунинг натижасида бозорлар бўйича тушумлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 164 фоизга ошди. Эътиборлиси, бозорларда ижара ёки хизмат ставкалари оширилмаган. Аммо тушум кўпайган. Бу эса аввал йўқотилаётган маблағларни рақамлаштириш туфайли ҳисобга олиш ва шаффофликни таъминлаш ҳисобига натижа берганини кўрсатади.
Солиқ тизимининг ўзида ҳам рақамлаштириш жараёнлари юқори даражада ташкил этилганини фахр билан айтишим мумкин. Мутахассисларимиз доимий равишда бошқа мамлакатлар тажрибасини ўрганиб, илғор ечимларни амалиётга жорий этмоқда. Масалан, электрон ҳисобварақ-фактуралар тизими, уларнинг онлайн кузатиб борилиши, солиқ объектлари ҳақидаги маълумотларни электрон шаклда олиш имкониятлари иш жараёнларимизни анча енгиллаштирмоқда. Энг муҳими, бу тизим солиқ муносабатларида очиқлик, шаффофлик ва самарадорликни таъминлашга хизмат қилаётир.
– Бугун солиқ тизимидаги ўзгаришлар ва рақамлаштириш жараёнлари кадрлардан замонавий билим ва юқори малака талаб қилмоқда. Бу борада қандай ишлар олиб бориляпти?
– Албатта, бу жуда долзарб масала. Нафақат солиқ тизимида, балки кўплаб соҳаларда кадрлар салоҳияти ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Кадрларга талаб юқори, аммо энг муҳими, уларнинг билимли, тажрибали ва юқори малакага эга бўлишидир.
Солиқ тизимининг ўзига хос жиҳати шундаки, бу соҳада хато қилишга ҳаққимиз йўқ. Чунки солиқ ҳисоб-китобларида бир сўм ортиқ ҳисоблаш ҳам, бир сўм кам ҳисоблаш ҳам салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Ортиқча ҳисобланган маблағ тадбиркор фаолиятига таъсир қилса, кам ҳисобланган маблағ давлат бюджети манфаатларига зарар етказиши мумкин. Шунинг учун мувозанатни сақлаш ҳар бир ходимдан юқори билим, тажриба ва масъулият талаб этади.
Бугунги кунда Қашқадарё вилояти бўйича 600 нафардан зиёд солиқ ходими фаолият юритмоқда. Шундан 200 нафардан ортиқ мутахассис вилоят солиқ бошқармасида ишлайди. Ходимлар малакасини ошириш ишлари тизимли йўлга қўйилган. Айниқса, йирик солиқ тўловчилар билан ишлаш юқори салоҳият талаб қилади. Масалан, қўшилган қиймат солиғи тўловчи корхоналарга хизмат кўрсатиш, ҚҚС ёки фойда солиғини ҳисоблаш мураккаб жараёнлардан ҳисобланади. Ҳудудларда эса асосан айланмадан олинадиган солиқлар бўйича хизмат кўрсатилади ва бу жараёнлар нисбатан соддароқ ҳисобланади.
Шу боис, ходимларимиз мунтазам равишда ўқитиб борилади. Ҳар ҳафтанинг жума куни малака ошириш машғулотлари ташкил этилади. Янги қабул қилинаётган қарорлар ва меъёрий ҳужжатлар тизим орқали ҳудудларга етказилади ва улар асосида ўқувлар ташкил қилинади. Вилоят даражасида эса туманларда ҳам қўшимча ўқув машғулотлари ўтказилади.
– Солиқ тўловчилар, хусусан, тадбиркорлар билан мулоқот ва очиқ мулоқотлар қай даражада йўлга қўйилган?
– Бу масалага Солиқ қўмитаси томонидан алоҳида эътибор қаратилади. Шу асосда тадбиркорлар билан очиқ мулоқотлар ва учрашувлар мунтазам ташкил этиб келинмоқда.
Белгиланган график асосида ходимларимиз ва матбуот хизмати вакиллари билан биргаликда ҳудудларга чиқиб, тадбиркорлар билан бевосита мулоқотлар ўтказамиз. Чунки тадбиркорларни эшитмасдан туриб, тизимни такомиллаштириш қийин.
Ҳар бир тадбиркорнинг вилоят марказига келиб ўз муаммосини айтиш имконияти бўлмаслиги мумкин. Шу сабабли, жойларга чиқиб ишлаш, ҳудудларда учрашувлар ўтказиш тизими йўлга қўйилган. Йил бошида режали учрашувлар ташкил қилинади. Шунингдек, ҳар ой шахсан ўзим ҳудудларга чиқиб, тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказаман.
Бугунги кунда солиқ тизими фақат назорат қилувчи эмас, балки хизмат кўрсатувчи тизимга айланмоқда. Шу нуқтаи назардан, корхонабай ва маҳаллабай ишлаш тамойиллари жорий этилган. Масалан, ҳар бир корхона раҳбари рақамли платформалар орқали ўзига бириктирилган солиқ инспектори ҳақида маълумот олиши мумкин. Бир тугмани босиш билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш имконияти яратилган. Муаммоларни ортиқча вақт йўқотмасдан тезкор ҳал қилиш имкони мавжуд.
Албатта, олдимиздаги вазифалар ҳам кўп. Бугунги кунда вилоятда 40 мингдан зиёд юридик шахс мақомидаги солиқ тўловчилар фаолият юритмоқда. Уларга 600 нафардан зиёд солиқ ходимлари хизмат кўрсатмоқда. Бу эса тизим олдига катта масъулият юклайди.
Энг муҳими, бугун солиқ тизими тадбиркорни фақат назорат қилувчи эмас, балки унинг ишончли ҳамкори ва кўмакчиси бўлиш тамойили асосида ишламоқда. Бу эса иқтисодиётнинг очиқлиги, шаффофлиги ва барқарор ривожланишига хизмат қилади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/q5YahDFZjv0" title="Sirojiddin Eshmatov: “Tadbirkorlar uchun soliq yuki sezilarli darajada kamaydi”" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Насиба Зиёдуллаева, Жамшид Норқобилов,
Анвархўжа Аҳмедов (видео-монтаж), ЎзА