Божхона кинологияси: Ёшлар учун очиқ мулоқот ва амалий тажриба
Божхона қўмитасининг Миллий кинология марказида М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг Тошкент шаҳридаги филиали талабалари учун “Очиқ эшиклар куни” тадбири ташкил этилди. Мазкур ташаббус ёшларни кинология соҳасининг ўзига хос жиҳатлари, унинг давлат хавфсизлигини таъминлашдаги аҳамияти билан яқиндан таништиришга қаратилди.
Тадбир давомида иштирокчилар марказнинг кўп йиллик фаолияти, хизмат итларини саралаш ва тайёрлашнинг замонавий усуллари, шунингдек, уларнинг контрабандага қарши курашдаги беқиёс ўрни ҳақида батафсил маълумотларга эга бўлди. Мутахассислар томонидан кинология нафақат амалий, балки илмий ёндашувни талаб этувчи мураккаб соҳалардан бири экани алоҳида таъкидланди.

Экскурсия чоғида талабалар хизмат итларини сақлаш ва парвариш қилиш учун яратилган замонавий шароитлар, марказ инфратузилмаси, махсус машқ майдонлари ҳамда тўсиқлардан ўтиш орқали кўникмаларни шакллантириш жараёнлари билан танишди. Шу билан бирга, хизмат итларининг соғлиғини назорат қилиш, диагностика ва даволаш жараёнлари ҳам амалда кўрсатиб берилди.

Тадбирнинг энг қизиқарли қисмида малакали кинологлар ўз тарбияланувчилари билан амалий чиқишлар намойиш этди. Хизмат итларининг тезкорлиги, сезгирлиги ва буйруқларни аниқ бажариши талабаларда илиқ таассурот қолдирди.
Якуний қисмда ёшлар соҳа мутахассислари билан очиқ мулоқот ўтказиб, кинологиянинг илмий асослари, хизмат итлари психологияси ҳамда соҳада қўлланилаётган инновацион ёндашувлар юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.

Бу каби тадбирлар давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш билан бирга, ёш авлодда божхона хизматига нисбатан қизиқиш ва ҳурматни кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Ш.Маматуропова, ЎзА