“Биз гиёҳвандликка қаршимиз!”
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 7 апрель куни жисмоний тарбия ва спорт соҳасини янги босқичга олиб чиқиш, аҳолини оммавий спортга кенг жалб этиш, селекция ва тайёргарлик тизимини такомиллаштириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи тамойилларини кенг тарғиб этиш, юртдошларимизни оммавий спорт турларига жалб этиш, шу орқали халқимиз саломатлигини яхшилаш бўйича қатор вазифалар белгилаб берилган эди.
Андижон вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ташаббуси билан ана шу вазифалар ижросини таъминлаш, шу билан бирга, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида гиёҳвандликликка қарши курашишга қаратилган ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида Андижон шаҳрида “Биз гиёҳвандликка қаршимиз!” шиор остида спартакиада бўлиб ўтди.


Унда вилоят соғлиқни сақлаш тизими муассасалари ходимлари, шифокорлар, ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари фаол иштирок этди.


Спартакиада давомида иштирокчилар ўртасида соғломлаштириш машғулотлари, мини футбол, волейбол сингари қатор спорт турлари бўйича мусобақалар, саломатликни мустаҳкамлашга оид суҳбат-мулоқотлар ўтказилиб, жамоавий бирдамлик, соғлом рақобат ва фаол турмуш тарзи кенг тарғиб этилди.

Спартакиада доирасидаги оммавий спорт тадбирлари аҳолининг жисмоний фаоллигини оширишга, саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото), ЎзА мухбирлари.