Ўқувчиларни спортга жалб этиш ёш авлод саломатлигини таъминлайди
Юртимизда спорт соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, аҳоли вакилларини, ёшлар ва болаларни спортга жалб этиш, улар учун қулай шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Яқинда давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида жисмоний тарбия ва спорт соҳасини янги босқичга кўтариш, аҳолини оммавий спортга кенг жалб этиш, селекция ва тайёргарлик тизимини такомиллаштириш ҳамда спорт инфратузилмасидан самарали фойдаланишга қаратилган устувор вазифалар белгилаб берилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ва “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастури тўғрисида”ги фармонида ҳам спортни ривожлантириш ва аҳолини спорт турлари ва мусобақаларига кенг жалб этиш бўйича қатор вазифалар ўз аксини топган. Жумладан, аҳолининг ёш тоифалари бўйича барча ҳудудда ҳар йили жисмоний тайёргарлик синовларини ўтказиш вазифаси белгиланган.

Мазкур вазифа ижросини таъминлаш мақсадида Спорт вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Мудофаа вазирлигининг умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчиларининг жисмоний тайёргарлик даражасини синовдан ўтказишга оид қўшма қарори қабул қилиниб, жорий йилнинг 21 февраль-30 апрель кунлари умумтаълим мактаблари ўқувчиларидан ихтиёрий ва махсус талаблар бўйича спорт синовлари қабул қилиш белгилаб берилди.

Спорт вазирлиги томонидан 2026 йилнинг биринчи чорагида республикадаги 10 минг 204 та умумтаълим мактаблари ўқувчилари ихтиёрий талаблар бўйича спорт синовларини топшириш учун “my.sport.uz” платформаларида рўйхатдан ўтказилган. Рўйхатдан ўтган жами 3 миллион 943 минг нафар ёки 60 фоиз ўқувчиларнинг 1 минг 241 минг нафари ёки 31 фоизи мезон талабларини бажарган.
Таъкидлаш лозимки, мактаб ўқувчиларининг жисмоний тайёргарлик даражасини синовдан ўтказиш борасида амалга оширилаётган ишлар йил давомида изчил давом эттирилиб, фарзандларимизнинг соғлом ўсиши, спорт билан ҳамнафас бўлишига хизмат қилади. Қолаверса, ёш авлоднинг спорт турларига қизиқишини ошириб, келгусида юртимиз довруғини кўтарадиган маҳоратли спортчилар етишиб чиқишида асос вазифасини бажаради.
Муҳтарама Комилова, ЎзА