Билимлар жангидан ғалаба сари
Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 35 йиллиги ҳамда «Ўзмиллийбанк» АЖнинг 35 йиллик юбилейи муносабати билан ташкил этилган «Ватан равнақи учун бирлашамиз!» кўрик-танлови доирасида «Билимлар жанги» — «Zakovat» интеллектуал беллашуви бўлиб ўтди.
Тошкент шаҳридаги «Zakovat» аренасида ўтказилган беллашувда банкнинг турли бўлинмалари ва ҳудудий Бош бошқармаларидан сараланган 40 дан ортиқ жамоа иштирок этди. Ушбу интеллекуал ўйин жуда завқли, кутилмаган саволларга бой, иштирокчилар билими ва тафаккурини юксалтиришга хизмат қилшгани билан аҳамиятли бўлди.
Беллашув давомида иштирокчилар ўзларининг билим ва дунёқараши, мантиқий ҳамда таҳлилий фикрлаши, тезкор қарор қабул қилиши, шунингдек, жамоа билан биргаликда ечим топиш қобилиятларини намоён этди. Ҳар бир савол жамоалардан нафақат билим, балки диққат, тезкорлик ва ўзаро ҳамжиҳатликни ҳам талаб қилди.
Турли ҳудуд ва бўлинмалардан жамланган жамоалар ўртасидаги беллашув иштирокчилар учун ўзаро тажриба ва фикр алмашиш, билимларини синаб кўриш ҳамда жамоавий салоҳиятини намоён этиш учун яхши имконият яратди. Интеллектуал мусобақа давомида жамоалар ҳар бир саволга биргаликда ёндашиб, энг мақбул жавобни қисқа вақт ичида топишга ҳаракат қилди.
Иштирокчиларнинг юқори тайёргарлиги, фаоллиги ва қизиқиши беллашувнинг янада қизғин ва мазмунли ўтишига замин яратди. «Zakovat» майдонидаги ҳар бир тур жамоалар учун билим, тажриба ва тезкор фикрлаш қобилиятини синовдан ўтказувчи янги босқич бўлди.
Беллашув якунида энг юқори натижаларни қайд этган жамоалар I, II ва III фахрли ўринларни эгаллади. Ғолиб ва совриндор жамоаларга диплом, ваучер ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Шунингдек, жамоаларнинг беллашув давомида намоён этган ижодкорлиги, ҳамжиҳатлиги ва фаол иштироки ҳам алоҳида эътироф этилди. «Энг яхши видеолавҳа», «Энг интилувчан жамоа», «Энг таваккалчи жамоа» каби номинациялар бўйича ҳам муносиб иштирокчилар тақдирланди.
Мусобақадаги дўстона ва соғлом рақобат муҳити иштирокчилар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилди. Жамоалар нафақат ўзларининг интеллектуал салоҳиятини, балки ягона мақсад сари бирлашиб, ҳамжиҳатлик билан ҳаракат қила олиш қобилиятини ҳам намоён этди.
[gallery-31402]
«Билимлар жанги» иштирокчилар учун ўз билимини синаш билан бирга, ҳамкасблар билан бир мақсад сари бирлашиш, фикр алмашиш ва жамоавий руҳни намоён этиш имкониятини яратди. Бундай интеллектуал беллашувлар ходимларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, янги қобилиятларини кашф этиш ва ўзаро мулоқотини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Тадбир иштирокчиларда катта таассурот қолдириб, уларни келгусидаги интеллектуал мусобақаларда янада фаол иштирок этишга руҳлантирди. «Билимлар жанги»нинг юқори савияда ташкил этилгани «Zakovat» майдонидаги беллашувни нафақат билим ва тафаккур синови, балки жамоавий руҳ, дўстона рақобат ва ҳамкорликни намоён этган муҳим тадбирга айлантирди.
Тадбир «Ўзмиллийбанк» акциядорлик жамиятининг 35 йиллик юбилейи ва мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ташкил этилган байрам тадбирлари доирасида мазмунли ва интеллектуал руҳдаги учрашувлардан бири бўлди.
Назокат Усмонова,
Аслиддин Алижонов (суратлар), ЎзА