Касб танлови – келажак мезони
Жиззах шаҳрида ёшлар, иш изловчилар ва тадбиркорликка қизиқувчилар учун “Келажак тадбиркори – 2026” касб кўргазмаси ўтказилди.
Касб, бандлик ва тадбиркорлик имкониятларини бир майдонда жамлаган тадбирда 15 мингга яқин ёшлар ҳамда иш излаётган фуқаролар иштирок этди. Кўргазма давомида меҳнат бозоридаги бўш иш ўринлари, касб-ҳунар ўрганиш ва тадбиркорлик фаолиятини бошлаш имкониятлари ҳақида маълумотлар берилди.
Тадбирнинг аҳамиятли жиҳати, иш берувчилар билан иш изловчиларнинг бевосита мулоқоти йўлга қўйилганида бўлди. Натижада 4 мингга яқин ёш йигит-қизлар ишга жойлаштирилди ёки касбга йўналтирилди. Тадбиркорлик қилиш истагидаги ёшларга эса 3 миллиард 200 миллион сўмлик имтиёзли кредит ажратилди.
[gallery-31391]
Кўргазма вилоят ҳокимлиги, Марказий банк, “Ўзмиллийбанк” АЖ, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда ёшларга замонавий касбларни эгаллаш, меҳнат бозорида ўз ўрнини топиш ва тадбиркорлик ташаббусларини амалга ошириш бўйича амалий имкониятлар тақдим этилди.
Зеро, бугун ёш инсон учун касб танлаш шунчаки бир йўналишни белгилаш эмас, балки ўз келажагини қуриш демакдир. “Келажак тадбиркори – 2026” кўргазмаси эса ана шу йўлда муҳим имкониятлар эшигини очади.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбири