Балиқчилик оилаларга барака келтиради
Мамлакатимизда ҳар бир ҳудуднинг имкониятларини тўлиқ ишга солиш ва иқтисодий барқарорликни мустаҳкамлашдан келиб чиққан ҳолда қишлоқ хўжалигини диверсификация қилиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган ишлар изчил давом эттирилмоқда. Жойларда янги ишлаб чиқариш нуқталари яратилиб, замонавий технологияларга асосланган лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Ана шундай самарали ташаббуслардан бири Наманган вилоятида етти хазинанинг бири ҳисобланган, аграр соҳанинг муҳим тармоқларидан бири саналган балиқчиликни ривожлантириш бўйича йўлга қўйилган “Норин тажрибаси”дир. Эътиборлиси шундаки, ушбу лойиҳа нафақат молиявий жиҳатдан, балки ижтимоий аҳамияти билан юртимиз миқёсида ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Наманган вилоят бош бошқармаси ҳамда вилоятдаги тижорат банкларининг саъй-ҳаракатлари билан Норин туманидаги аҳоли хоанадонларида интенсив усулда йўлга қўйилган балиқ парваришлаш ўзининг кутилган натижаларини бермоқда. Бу тажриба орқали Норин тумани республика миқёсида ҳам илғор ҳудуд сифатида намоён бўлмоқда.
Қайд этиш жоизки, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил сентябрь ойида Наманганга ташрифи чоғида Норин туманида интенсив усулда балиқ парваришлашнинг афзалликлари билан яқиндан танишиб, бу тажрибани оммалаштириш борасида зарур топшириқлар берилди.

– Ўтган 2025 йилнинг аввалидан интенсив усулда форель боқиш лойиҳаларини амалга оширишга киришган эдик. Сентябьр ойигача туманимизда умумий қиймати 40 миллиард сўмлик 200га яқин ҳовузларда форель балиқ етиштириш йўлга қўйилди, – дейди Норин тумани ҳокими Жўрабек Нурматов. – Мазкур лойиҳалар ижроси йўлида тижорат банклари томонидан имтиёзли кредитлар ажратилди. Эътиборлиси, лойиҳалар давлат хусусий шерикчилиги асосида мелиоратив тик қудуқдар атрофида ва аҳоли хонадонларида бажарилмоқда. Натижада ҳовузларда 2 минг тонна форель балиқ етиштирилмоқда. Ушбу хайрли ишлар “кооперация” усулида амалга оширилган бўлиб, бунда йирик кластер сифатида тадбиркор Азизбек Даминов бошчилигидаги “Fishville Norin” корхонаси иштирок этмоқда.
Хусусан, ахоли хонадонларида 60 тонна, давлат хусусий шериклиги асосида тик қудуқлар ёнида ташкил килинган ҳовузларда 240 тонна ва “Fishville Norin” корхонасида 1 минг 700 тонна атрофида форель балиғи етиштирилмоқда.

Лойиҳа доирасида туман маҳаллаларидаги ҳар бир хонадонда ўртача 1,6 - 1,8 тонна атрофида балиқ етиштирилади. Дастлаб донаси 250-300 грамм бўлган жами 1000 дона балиқ чавоқлари ташланади. Етиштирилган балиқдан ўртача олти ойлик даромад 50-60 миллион сўмни ташкил этмоқда.
Бунга яққол мисол сифатида Норин тумани Чангитма маҳалласида истиқомат қилувчи Саидикром Бузруков ўтган йилнинг июн ойида 500 дона форель балиғини ташлаб, октябрь ойига келиб, яъни беш ой ичида сотиш натижасида 30 миллион соф фойда олишга эришди.
– Ёшим 26 да, қўшни Наманган туманидаги мактабда тарих фанидан дарс бераман. Ишим тушликдан кейин бўлгани учун бўш вақтимдан унумли фойдаланиш, қўшимча даромадга эга бўлиш мақсадида маҳалладошларимга қизиқиб, мен ҳам балиқчиликда ўзимни синаб кўрдим, – дейди Норин тумани Учтепа маҳалласида истиқомат қилувчи Аҳрор Толипов. – Халқ банкидан олинган имтиёзли кредит ҳисобидан 80 тонналик сиғимга эга бўлган ҳовузда икки тонналик “луқмаи ҳалол”ни боқишни бошладим. Хонадонимда балиқ парваришига керак бўладиган иккита мотор ва кислород ишлаши туфайли энергияни тежаш учун 5 киловаттлик қуёш панелини ўрнатдик. Кластердан балиқ етиштириш борасида олган кўникмаларимиз самарасини берди. Ҳар ойда ўртача 9-10 миллион сўм оиламиз бюджетини тўлдирмоқда.

Хонадон эгаларини камбағалликдан чиқариш, даромадини ошириш мақсадида Марказий банк вилоят бош бошқармаси, Норин тумани ҳокимлиги, Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси вилоят бошқармаси ҳамкорлигида “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури бўйича кўргазмали семинарлар мунтазам ташкил этиб келинмоқда.
Тадбиркор Азизбек Даминовнинг таъкидлашича, давлатимиз раҳбарининг ташрифи чоғда “Fishville Norin” корхонасига вилоятда интенсив усулда форель балиғини етиштириш бўйича ҳовузлар сонини 1000 тага етказиш юзасидан топшириқ берилган. Мазкур вазифалар ижросига киришилиб, лойиҳа ташаббускорлари рўйхати шакллантирилди. Ҳозирга келиб, 200га яқин янги ховуз қуриш ишлари олиб борилмоқда, шундан 50 тасини тез орада ишга тушириш кутилмоқда.
Дарҳақиқат, балиқчилик эндиликда Норин туманининг ташриф қоғозига айланади. Ҳудудда таомлар шоҳи хонбалиқ етиштириш лойиҳаси йўлга қўйилганидан буён шифобахш ва витаминларга бой маҳсулотга бўлган талаб ортиб бормоқда. Ўз навбатида, интенсив усулда форель боқишга қизиқиш билдирган фуқароларга ва тадбиркорларга тижорат банклари молиявий кўмаклашиб келинмоқда.

“Fishville Norin”нинг лойиҳа қиймати 3 миллион долларни ташкил этиб, корхона икки гектардан зиёд ҳудудда барпо этилди. Суперинтенсив усулда, яъни кам харажат сарфлаб, юқори ҳосил олишга эришиш кўзланган лойиҳа учун 76 та инновацион ҳовуз барпо этилган. Корхона 2 минг тонна балиқ етиштириш қувватига эга бўлиб, 5 миллион долларлик экспорт қилиш мўлжалланган.
– Фосфор, омега-3 ва омега-6 каби ёғ кислоталарига бой форель балиқларининг кундалик таомномада бўлиши инсонда хотира сусайиши, қон-томир ва асаб касалликларининг олдини олади. Бугун нафақат юртимизда балки хорижда ҳам балиқнинг ушбу камёб турига эҳтиёж катта, – дейди тадбиркор Азизбек Даминов. – Ҳудудимизнинг имкониятлари эса, балиқ етиштириш борасидаги ишларимизга кенг йўл очмоқда. Балиқ етиштириш лойиҳамизга аҳоли томонидан катта қизиқиш билдириляпти. Кўплаб оилаларга балиқ парваришлаш технологиясини ўргатдик.
Шуни алоҳида таъкидлаш даркор, тежамкор электр двигателлар ўрнатилиши хисобига электр энергия сарфи ва харажатлари 2 баробарга камайишига эришилди. Бу эса маҳсулот етиштириш таннархи арзон бўлишини такъминлайди. Тадбиркорнинг айтишича, балиқ личинкалари ўзимизда етиштирилади, озуқа эса Германия ва Эрон Ислом Республикасидан олиб келинади.

Балиқ етиштириш агротехникаси шундаки, озуқа вақтида берилиб, ҳовузлар доим покиза сақланиши ҳамда сув тинимсиз айланиб туриши керак. Туманда ер ости сувларининг ер юзасига яқинлиги сабабли захланиш даражаси юқори. Захни қочиришнинг самарали усули тик қудуқлардан фойдаланишдир. Мелиоратив қудуқ суви эса форель етиштириш учун айни муддао. Мутахассислар фикрича, ҳар бир тик қудуқда йилига 13 тоннадан 20 тоннагача балиқ етиштириш мумкин. Маҳаллий балиқ етиштиришдан бу усулнинг афзаллиги ҳосилдорлик юқорилигида. Жаҳон бозорида ҳам форель балиғига бўлган талаб ортиб бормоқда. Айни пайтда маҳсулот Россияга экспорт қилинмоқда. Тадбиркорнинг ишлари кенг қулоч ёзиб, бугунги кунда Хўжақўрғонча маҳалласидаги 25 хонадон кластер билан кооперация қилиб, ҳар бири йилига 150 миллион сўмгача даромад кўряпти.
Дарвоқе, Норин туманида балиқчилик ривожлангани яна бир йўналишни вужудга келтириб, корхона ёнида замонавий ресторан ҳам барпо этилди. Унда балиқдан турли хил таомлар тайёрланади. Бу эса эко ва гастрономик туризмнинг ҳам ривожига хизмат қилади. Келгусида корхона фаолияти кенгайтирилиб, Норин ва Учқўрғон туманларидаги 1000 оилани балиқчиликка жалб этиш режалаштирилган.

Марказий банк Наманган вилоят бош бошқармаси бошлиғи Бекзод Сулаймоновнинг маълум қилишича, ўтган 2025 йил давомида вилоятдаги тижорат банклари томонидан аҳоли хонадонларида балиқчилик тармоғини ривожлантириш, бу орқали иш ўринлари сонини кўпайтириш ва аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган 139 та лойиҳа қўллаб-қувватланиб, 7 миллиард 780 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит билан таъминланди.
Умуман олганда, Норин туманида балиқчиликни жадал ривожлантиришга киришилган кенг кўламли тадбирлар натижасида 2000 тоннадан кўпроқ парҳезбоп балиқ гўшти етиштириш имконияти яратилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири