Касбий таълим тизимини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди (+видео)
Касбий таълим тизимини янада ривожлантириш ҳамда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида Касбий таълим агентлиги ташаббуси билан халқаро донор ташкилотлар иштирокида навбатдаги муҳокама йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбирда Касбий таълим агентлиги директори Азимжон Хусанов, ЮНEСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Сара Ношади, шунингдек, лойиҳалар раҳбарлари ва 30 дан ортиқ халқаро донор ташкилот вакиллари иштирок этди.
Йиғилиш давомида касбий таълим тизимини ислоҳ қилиш ва амалга оширилаётган лойиҳалар самарадорлигини оширишга қаратилган бир қатор муҳим масалалар муҳокама қилинди.
Жумладан:
- ўқитувчилар малакасини ошириш ва уларни халқаро ўқув дастурларига жалб этиш;
- хорижий тил мутахассисларини техникумларга кенгроқ жалб қилиш;
- тизимни модернизация қилиш;
- таълим сифати ҳамда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш;
- дуал таълим қамровини кенгайтириш;
- ўқувчиларни моддий қўллаб-қувватлаш, жумладан стипендия тизимини жорий этиш масалалари кўриб чиқилди.
Шунингдек, халқаро донор ташкилотлар томонидан 2026-йилнинг биринчи чорагида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисоботлар тақдим этилиб, келгусидаги устувор йўналишлар белгилаб олинди.
Йиғилишда муҳокама қилинган долзарб мавзулардан бири — 5-май Касб байрами тадбирини юқори савияда ташкил этиш масаласи бўлди. Ушбу байрамни самарали ва кенг қамровли ўтказиш юзасидан турли таклифлар илгари сурилди. Мазкур тадбирни ташкил этиш шакли ва дастурини аниқлаштириш мақсадида қўшимча муҳокама йиғилиши ўтказишга келишиб олинди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/I9OlzQuDXVk" title="Kasbiy ta’lim tizimini yanada rivojlantirish masalalari muhokama qilindi " frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳайё Турдалиева, Нишонбой Абдувоитов, ЎзА