Аёлларга эҳтиром — юртга бўлган муҳаббат
8 март – Халқаро хотин-қизлар куни гўзал ва бетакрор юртимизга баҳор нафаси кириб келганидан дарак беради. Бинобарин, ушбу санада аёлларга эҳтиром кўрсатишдек эзгу анъана йил сайин такомиллашиб бормоқда.
Наманганда Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Нуроний” жамғармасининг вилоят бўлимлари ташаббуси билан моҳи Рамазонга ҳамоҳанг равишда нишонланаётган баҳорнинг илк байрами муносабати билан хайрли тадбирлар ташкил этилди.
Жумладан, Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғида жойлашган нуронийлар дам олиш масканида юрт равнақи йўлида ўчмас из қолдирган, оиласида намунали фарзандларни тарбия қилган муҳтарама онахонлар учун ифторлик дастурхони ёзилди.
Тадбирда Наманган вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси, сенатор Икромхон Нажмиддинов йиғилганларни Халқаро хотин-қизлар куни билан табриклаб, Янги Ўзбекистонда аёллар ҳамиша ардоғу эътибор марказида эканлигини таъкидлади.

Кексалар дуога қўл очиб, жонажон мамлакатимизда тинчлик-барқарорлик ҳамиша бардавом, халқимиз доимо фаровон бўлишини тилашди. Бир қатор фахрий нуроний аёлларга вилоят ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви томонидан юборилган қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.

Наманган шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда вилоят марказида истиқомат қилиб келаётган бир қатор фидойи маҳалла фаоллари бўлган мунис аёллар билан учрашув ўтказилди. Унда Наманган шаҳри ҳокими Аюбхон Камолов тадбир иштирокчиларини нафосат байрами билан самимий табриклаб, эзгу тилакларини билдирди. Дилбар опа-сингилларимизга “Маҳалла” фондининг туҳфалари улашилди.
Шунингдек, вилоят Нуронийлар жамоатчилик кенгаши раиси Икромхон Нажмиддинов, “Маҳалла” фонди вилоят бўлими раиси Аҳмаджон Мукаррамов иштирокида “Наманган” телерадиоканали давлат муассасаси тизимида фаолият юритиб келаётган аёл-қизларга эътибор қаратилиб, улар муносиб тақдирландилар.

Тадбирда алоҳида эътироф этилганидек, аёл азалдан меҳр-шафқат ва садоқат тимсолидир. Инсон, оила, аёл тушунчаларини бир-биридан айро тасаввур этиб бўлмайди. Ҳам оила, ҳам жамиятни бирлаштириб, унга файз-барака киритадиган, хонадонларни меҳру муҳаббат, нафосат, эзгулик нури билан мунаввар қиладиган зотлар ҳам аслида мўътабар оналар ва мунис опа-сингилларимиз. Зотан, улуғ донишмандлар Ватанга энг муносиб таъриф излаганда, уни она сиймосига қиёслашганида катта маъно мужассам.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА