Аёл жамият ҳаётида етакчи куч
Тарихга назар
Тарихий манбаларда таъкидланишича, қадимги Римда хотин-қизлар байрами нишонланган. Ушбу байрамда аёллар эрларидан совғалар олганлар, ҳатто, қул аёлларга ҳам хўжайинлари томонидан совғалар инъом этилиб, ўша куни улар ҳар қандай ишдан озод этилган. Эркаклар аёлларга алоҳида ҳурмат-эътибор кўрсатиб, севги-муҳаббат изҳор қилишган.
8 Март – Халқаро хотин-қизлар куни тарихи эса XIX асрнинг охирларига бориб тақалади. Мазкур байрам хотин-қизларнинг сиёсий, иқтисодий ва маиший соҳалардаги ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, озодлик учун курашда аёлларнинг бирдамлигини ифодаловчи кун сифатида эришилган энг катта натижа бўлиб тарих солномаларидан ўрин олган.
1857 йил 8 мартда Нью-Йоркдаги тўқувчилик ва пойабзал корхоналарида ишловчи хотин-қизлар намойишга чиқадилар. Улар 10 соатлик иш кунини жорий этиш, иш шароитларини яхшилаш, ойлик иш ҳақини кўтариш ва эркаклар билан аёллар ҳуқуқларини тенглаштириш сингари талабларни кўтаришган. Ушбу намойиш натижасида хотин-қизларнинг маълум талаблари қондирилади.
1908 йил 8 мартда АҚШлик аёллар сайловда қатнашиш, болалар меҳнатини тақиқлаш ва бошқа бир қатор талаблар билан бирга февраль ойининг сўнгги якшанбасини Миллий аёллар куни деб эълон қилинишини талаб этадилар. Орадан 2 йил ўтиб, 1910 йилда Копенгагенда бўлиб ўтган хотин-қизларнинг 2-Халқаро конференциясида халқаро хотин-қизлар ҳаракати йўлбошчиларидан бири Клара Цеткин 8 мартни Халқаро ишчи хотин-қизлар куни деб эълон қилиш ва ушбу кунни ҳар йили дунё миқёсида байрам қилиш ташаббусини илгари сурди.
Жаҳондаги кўплаб мамлакат аёллари қашшоқликка қарши курашиш, тенглик, яхши шароитларда ишлаш, ўзларининг шаъни ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишга эришиш ҳамда тинчлик йўлидаги ташаббусни қўллаб-қувватладилар. 1911 йилга келиб Австрия, Дания, Германия ва Швейцария сингари давлатларда 8-март байрам сифатида нишонланди.
1977 йилдан бошлаб Халқаро аёллар куни БМТга аъзо давлатлар томонидан нишонланиб келинади. Кейинроқ Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 8-март – Халқаро хотин-қизлар куни деб эълон қилинган. Айни кунда дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакатларида ушбу кун умумхалқ байрами сифатида нишонланади.
Ўзбекистонда 8 март байрами ХХ аср бошларида оммалашган. 1920 йилларда бу сана “Ҳужум” ҳаракати билан чамбарчас боғлиқ бўлган. Бу кампания доирасида аёллар эскилик сарқитларига қарши курашиш, паранжини ташлаш ва ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этишга чақирилган.
Бугунги кунда ушбу сана мамлакатимизда умумхалқ байрами ва дам олиш куни сифатида нишонланади. Халқаро хотин-қизлар куни шарқона урф-одатлар, халқимизнинг миллий қадрият ва анъаналари асосида байрам қилинади. Мазкур байрам муносабати билан юртимизда хотин-қизларга юксак ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилади.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА.