Аёл ва бола ҳимояси — жамият келажагининг кафолати
Сирдарё вилоят божхона бошқармасида аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олишга қаратилган муҳим тадбир бўлиб ўтди. Унда тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, хотин-қизлар фаоллари, божхона ходимлари ҳамда ёшлар иштирок этди.
Тадбирда мамлакатимизда аёллар ва болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилгани алоҳида таъкидланди. Шу нуқтаи назардан, қабул қилинаётган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар бу борада мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилаётгани қайд этилди.

Мутахассислар томонидан оилаларда соғлом маънавий муҳитни шакллантириш, муаммоларни барвақт аниқлаш ва уларни жойида ҳал этиш муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди. Шунингдек, ҳуқуқий тарғибот ишларини кучайтириш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш бугунги куннинг устувор вазифаларидан бири сифатида эътироф этилди.
Йиғилишда эрта никоҳ ва мажбурий турмуш каби салбий ҳолатларга мутлақо йўл қўйиб бўлмаслиги, бундай ҳуқуқбузарликлар учун қонунчиликда қатъий жавобгарлик белгилангани алоҳида урғуланди. Қиз болаларнинг сифатли таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши ва мустақил ҳаётга тайёр бўлиши эса жамият тараққиётининг муҳим омили сифатида баҳоланди.

Шу билан бирга, аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш, маҳалла, таълим муассасалари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди.
– Бу каби тадбирлар аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади. Энг муҳими, бу орқали аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш, айниқса, ёшлар ўртасида ҳуқуқий тушунчаларни мустаҳкамлашга эришилади. Ҳуқуқий тарғибот ишларини тизимли равишда олиб бориш, муаммоларни барвақт аниқлаш ва уларга ўз вақтида ечим топиш бу борада самарадорликни янада оширади, – дейди Адлия бошқармаси ҳуқуқий ахборот шуъбаси бошлиғи Ирода Муҳаммадиева.

Тадбир якунида қайд этилганидек, аёл ва бола ҳимоясига қаратилган ишлар самарадорлиги, энг аввало, давлат идоралари ва жамоатчиликнинг ҳамжиҳат фаолиятига боғлиқ. Зеро, аёл ва бола ҳуқуқларини таъминлаш жамият келажагини барпо этишнинг энг муҳим шартидир.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири