АҚШ Мексикадаги жиноий гуруҳларнинг дрон имкониятларидан хавотирда
Мексикадаги жиноий тўдалар дрон технологияларини жадал ўзлаштириб, Украинада жанговар тажриба орттирган мутахассисларни ўз сафига жалб қилмоқда. Бу эса АҚШнинг гиёҳванд моддалар контрабандаси ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш саъй-ҳаракатларига жиддий таҳдид туғдирмоқда.
“The Washington Post” газетаси АҚШ ҳукуматининг ички баҳолаш ҳужжатига таяниб хабар беришича, картеллар асосан Украинадаги ҳарбий ҳаракатларда қатнашган колумбияликларни ёлламоқда. Шунингдек, ўз аъзоларини ҳам дронларни бошқариш ва замонавий жанговар технологияларни ўзлаштириш учун Украинага юбормоқда.
Маълумотларга кўра, жиноий гуруҳлар электрон воситаларни четлаб ўтиш усулларини ўрганиб, узоқроқ парвоз қиладиган ва кўпроқ юк кўтара оладиган дронларни харид қилмоқда. Айрим картеллар эса Хитойдан ўқотар қуроллар билан жиҳозлаш мумкин бўлган учувчисиз аппаратларни сотиб олган.
Украина Мудофаа вазирлиги хорижлик кўнгиллилар текширувдан ўтказилишини билдирган. АҚШ Давлат департаменти эса украиналик ҳамкорлар билан биргаликда жанговар кўникмаларнинг жиноий гуруҳлар қўлига ўтишига йўл қўймаслик чораларини кўраётганини маълум қилган.
С.Раҳимов, ЎзА