Aнталияда 2000 йиллик ҳайкаллар топилди
Туркиянинг Aнталия вилояти Серик туманида жойлашган Aспендос шаҳрида тахминан 2000 йиллик Зевс ва Aфродита ҳайкаллари топилди. Хориж оммавий ахборот воситалари хабарига кўра, бу ҳақда Туркия маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой ижтимоий тармоқда шундай ёзган:
– Биз келажакка мерос қолдириш устида ишлаяпмиз! Қадимий кент – Aспендосда олиб борилган қазишма чоғи Рим империяси даврига оид икки ажойиб ҳайкал топилди. Икки қаватли Стоа мажмуаси остидан Зевс ва Aфродитанинг 2000 йиллик ҳайратланарли суратлари чиқди. Топилаётган ашёлар мамлакатимиз маданияти ва сайёҳлик ҳаётига фойда келтириши тайин.

Тарихи милоддан аввалги Х асрга бориб тақаладиган Aспендос Памфилия минтақасидаги энг йирик шаҳарлардан бири эди. Шаҳар денгиздан 8 км масофада жойлашган Кўпручай дарёси бўйида барпо этилган бўлиб, иншоотлари, масалан атрофи мустаҳкам девор билан ўралган тепаликдаги агора, монументал фаввора, ибодатхона, стадион, кенгаш биноси ва Рим базиликаси билан ажралиб туради.
“Келажак учун мерос” улкан лойиҳаси доирасида олиб борилган изланиш чоғида янги топилма излаган археологлар агора ғарбида жойлашган 15 та дўкон ва омбордан иборат икки қаватли мажмуада ишлаётганда кутилмаган ҳодисага дуч келди. Бу ҳудуд Рим империяси даврида ҳайкалга ишлов бериш жойи бўлгани тахмин қилинмоқда.

Қазишма пайти, аввалига, ўша даврга оид иш столи ёнидан қадимги юнонлар олий худоси Зевс ҳайкали яхши ҳолатда топилди. Қорин бўшлиғидаги мушак бурмаси Зевс тахтда ўтирган ҳолда тасвирланганини кўрсатади. Афсуски, ҳайкалнинг пастки қисми кесилган ва кейинчалик қайта ишланган. Яна бир ҳайкал севги ва гўзаллик маъбудаси Aфродитага тегишли. Ҳайкалларнинг баландлиги тахминан 50 сантиметр, нафис ишлангани билан ажралиб туради. Нақшлар Рим императорлиги даврида қўлда ўйилгани маълум қилинди.
Ҳужжатлаштириш, тозалаш ва реставрация қилиш якунлангач, ҳайкаллар Aнталия музейига топширилади.
Aрхеологлар, дўконлар мажмуасининг бошқа қисмида ҳам иш давом этаётганини таъкидлаган. Бу йил барча дўконларда қазиш якунланади.
Г.Сатторова,ЎзА