Ангренда замонавий маданият ва спорт саройи очилди
Ангрен шаҳридаги “Мирзо Улуғбек” маҳалласида Янги Ангрен маданият ва спорт саройининг тантанали фойдаланишга топшириш маросими бўлиб ўтди.
Унда Республика ишчи гуруҳи аъзолари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Махкамова, Тошкент вилояти ҳокими З.Мирзаев, ва шаҳар ҳокимлиги масъуллари, ОКМК бошқарув раиси Абдулла Хурсанов, мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, маҳалла аҳолиси, нуронийлар, турли миллат вакиллари, миллий-маданий марказлар фаоллари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Мазкур марказ Ангрен шаҳридаги 3-сонли Дукент маданият маркази негизида ташкил этилган бўлиб, кўп йиллардан буён аҳолига маданий хизмат кўрсатиб келаётган нуфузли масканлардан бири ҳисобланади.
2025–2026 йилларда ОКМК ҳомийлигида бу лойиҳа қиймати 31 миллиард сўмлик капитал реконструкция ишлари амалга оширилиб, замонавий қиёфага эга Янги Ангрен маданият ва спорт саройи барпо этилди. Очилиш тадбири доирасида сарой ҳовлисида ташкил этилган боғ ҳудудида амалий санъат ва ҳунармандчилик буюмлари кўргазмалари, дўстлик, ҳамжиҳатлик ва тинчлик ғояларини тарғиб этувчи расмлар танлови, “Меҳр-оқибат дастурхони” шиори остида турли миллатларнинг миллий таомлари кўргазмалари намойиш этилди.

Шунингдек, “Book kafe” фаолияти тақдимоти ўтказилиб, “Китоблар карвони” доирасида китобхонлик мушоираси ташкил этилди. Шундан сўнг тантанали равишда лента кесиш маросими бўлиб ўтди ва меҳмонлар бинода яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. Жумладан, спорт зали, гимнастика хонаси, рассомчилик ва доирачилар тўгараклари фаолияти кўздан кечирилди. Мажмуа таркибида 32х20 ўлчамли спорт зали, фитнес ва шейпинг хоналари каби замонавий спорт иншоотлари жойлашган. Иккинчи қаватда эса тасвирий ва амалий санъат, рақс, вокал, театр, фольклор ҳамда мусиқа йўналишларидаги тўгараклар учун барча шароитлар яратилган.

Тадбир якунида катта залда тантанали концерт дастури намойиш этилди. Унда “Замин” халқ театри жамоаси томонидан буюк алломалар сиймоси гавдалантирилган саҳна кўринишлари тақдим этилди.

Шунингдек, марказ қурилиши ва реконструкциясида самарали меҳнат қилган бир гуруҳ фаоллар тақдирланди. Мазкур мажмуанинг фойдаланишга топширилиши аҳоли, айниқса ёшларнинг маданият ва спорт билан мунтазам шуғулланиши, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиши ҳамда миллий қадриятлар ва санъатни янада ривожлантиришга хизмат қилади. Ушбу замонавий маскан ҳудуд аҳолиси учун маънавият, маданият ва спортни бирлаштирган муҳим марказ бўлиши кутилмоқда.
Тадбир доирасида Наврўз умумхалқ сайли ҳам бўлиб ўтди.
А. Мусаев, ЎзА.