Андижонлик гандболчи қизлар ғолиб
Андижонда “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасидаги “Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси кубоги” учун ўтказилган қизлар ўртасидаги гандбол мусобақасининг республика босқичи якунига етди.
Мамлакатимизда маҳалла ёшларини, хусусан, қизларни спортга кенг жалб этиш, соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш, ёш спортчиларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида Андижон шаҳридаги универсал спорт мажмуасида ўтказилган “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасидаги гандбол мусобақасининг республика босқичида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар жамоалари иштирок этиб, ғолиблик учун баҳс олиб борди.
[gallery-31372]
- “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг гандбол мусобақаси республика босқичи юқори савияда ташкил этилди, - дейди мусобақа бош ҳаками Зоҳиджон Ахунов. - Қизиқарли ва муросасиз баҳслар асосида ўтган ўйинларда ҳар бир жамоа ғалаба, ғолиблик учун астойдил курашди. Якунда барча рақибларини мағлубиятга учратган Андижон ва Самарқанд вилоятлари гандболчи қизлар финалда ўзаро куч синашди. Учрашувда 20:10 ҳисобида андижонлик гандболчиларнинг қўли баланд келди. Учинчи ўрин учун баҳсда Навоий ва Жиззах вилоятлари жамоалари баҳс олиб борди. Якунда 26:7 ҳисоби қайд этилиб, навоийлик гандболчилар ғолиб бўлди.
Шундай қилиб, мусобақада биринчи ўрин Андижон, иккинчи ўрин Самарқанд, учинчи ўрин эса Навоий вилоятлари жамоаларига насиб этди.
Тақдирлаш маросимида Ўзбекистон Республикаси Спорт вазири ўринбосари Аваз Каримов ғолиб ва совриндор жамоаларни муборакбод этди, уларга тегишли диплом, медаль ҳамда кубокни топширди.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари