Давлатободда ёш спортчилар учун янги имконият яратилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти Давлатобод туманида спорт соҳасига ихтисослаштирилган яна бир замонавий объект — камондан отиш мажмуаси фойдаланишга топширилди. Мажмуа Наманган олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази қошида барпо этилди.
Лойиҳа доирасида ўлчами 30х12 метр бўлган сендвич панелли замонавий спорт зали қурилди. Объект буюртмачиси Наманган вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси” ДУК бўлиб, лойиҳа “АРК дизайн” хусусий корхонаси томонидан ишлаб чиқилган. Қурилиш ишларини “Порлоқ Капитал Инвест” МЧЖ амалга оширди.
[gallery-31388]
Қурилиш ишлари 2026 йил 1 майда бошланган. Лойиҳанинг умумий қиймати 2 миллиард 490 миллион сўмни ташкил этади, шундан 2,4 миллиард сўм Давлат дастури асосида ажратилган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилди.
Маълум қилинишича, янги мажмуанинг фойдаланишга топширилиши вилоят спорт инфратузилмасини бойитиш билан бирга, камондан отиш спорт турига қизиқувчи ёшлар учун янги имкониятлар яратади. Замонавий шароитда машғулот олиб бориш спортчилар маҳоратини ошириш, уларни республика ва халқаро мусобақаларга тайёрлаш ҳамда юқори натижаларга эришишларига хизмат қилади.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА