“Амир Темур” фильми: тарих ва маънавият уйғунлиги намойиши
Наманганда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси ходимлари ўртасида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, уларнинг маданий дунёқараши ва миллий қадриятларга ҳурмат туйғусини юксалтириш мақсадида турли маданий-маърифий тадбирлар мунтазам ўтказилмоқда.
Вилоят марказидаги Бобораҳим Машраб номидаги кинотеатрда ташкил этилган навбатдаги маънавий-маърифий тадбир доирасида бошқарма ходимлари мамлакатимиз кинотеатрларида намойиш этилаётган “Амир Темур” тарихий-бадиий фильмини жамоавий тарзда томоша қилди.

Унда миллий давлатчилик, бирлик ва садоқат ғояларининг теран бадиий талқини иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Томошадан сўнг сўзга чиққанлар асарда нафақат тарихий воқеалар ёритилгани, балки ёшларни Ватанга муҳаббат, матонат ва фидойилик руҳида тарбиялашга хизмат қиладиган муҳим ғоялар мужассам эканини таъкидлади.
Шунингдек, буюк бобокалонимиз Амир Темурнинг мустаҳкам иродаси, мураккаб вазиятларда оқилона қарор қабул қила билиши ҳамда юрт тинчлиги ва тараққиёти йўлидаги саъй-ҳаракатлари бугунги ёшлар учун ҳам ҳақиқий ибрат мактаби экани алоҳида эътироф этилди.
Таъкидланганидек, бундай маънавий-маърифий тадбирлар давлат хизматчиларининг маданий ҳордиқ чиқариши, тарихий меросга ҳурмат туйғусини мустаҳкамлаши, шунингдек, жамоада миллий ғурур ва ватанпарварлик ҳиссини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА