Жомбойдаги археологик ёдгорликдан ҳукмдор саройи қолдиқлари топилди (+видео)
Самарқанд вилоятининг Жомбой туманида жойлашган Мингтепа археологик ёдгорлигида олиб борилаётган тадқиқотлар давомида VIII асрга оид эҳтимолий ҳукмдорлар саройининг меъморий қолдиқлари аниқланди.
Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти илмий ходимлари Амриддин Бердимуродов, Ҳусниддин Раҳмонов ва Нигора Маҳкамова томонидан ёдгорликнинг арк (қалъа) қисмида амалга оширилаётган археологик қазишма ишлари жараёнида ҳукмдор саройининг дастлабки меъморий тузилиши очилди. Саройнинг зал қисмидан эса ҳайкалтарошлик намуналари топилди.
– Мингтепа 3000 йиллик тарихга эга қадимий Самарқанд шаҳрининг шарқий қисмида жойлашган, тарихий манбаларда Кабудан номи билан аталган ёдгорлик ҳисобланади, – дейди Самарқанд археология институти катта илмий ходими, тарих фанлари номзоди Амриддин Бердимуродов. – Бу жой ҳақида қадимий Хитой, форс ва араб манбаларида жуда кўп маълумотлар бор. Уларда қайд этилишича, Самарқандга Шарқ томондан келадиган карвонлар шу ерда тўхтаб, кейин шаҳарга йўл олган. Қолаверса, Кабудан Самарқанд шаҳрининг муҳим мудофаа қўрғонларидан бири вазифасини ўтаган. Чунки, Самарқанддек қадимий ва улкан шаҳарни мудофаа тизими ўша вақтлардаёқ пухта ўйланган ва унинг тўрт томонида бир нечта шаҳарлар, қалъалар қурилган. Масалан, шарқий томонда Кабудан, жанубда Кофирқалъа ва Қулдортепа, ғарбий томонда Дўрмонтепа ва Заркент, шимолда эса Кумушкент шаҳарчалари бўлган. Самарқандга душман бостириб келганда аввало шу кичик шаҳарларга дуч келган ва шу ердан мудофаа бошланган. Шунингдек, Самарқанд шаҳри тараққиётида бу шаҳарчалар муҳим ўрин тутган.
Амриддин Бердимуродовнинг қайд этишича, Мингтепа ёдгорлиги ҳақида тарихий манбаларда аниқ факт ва маълумотлар учраса-да, уни тадқиқ этиш ишлари 2010 йилдан сўнг бошланган. 2016 йилда археологик ёдгорликларнинг шаҳристон қисмида олиб борилган қазишма ишлари давомида эрамиздан аввалги учинчи асрга оид тангалар ва бошқа буюмлар, аскарлар ётоқхонаси, деворий суратлар топилган. Бу эса Кабуданнинг қадимий шаҳарчалардан бири бўлганини кўрсатади. Кейинги йилларда объектни ўрганишга алоҳида эътибор берилиб, жумладан, бу йил маданий мерос агентлиги кўмагида ёдгорликнинг энг баланд жойидаги арк қисмида кенг кўламли қазишма ишлари олиб борилмоқда. Аркнинг ўрганилиши шаҳар тарихи, маданиятини аниқлашда жуда катта манба бўлади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, иншоотнинг қурилиш услуби илк ўрта асрлар даври шаҳарсозлиги, меъморчилиги ҳамда давлат бошқарув тизимини ўрганишда муҳим илмий манба ҳисобланади. Чунки бу ердан чиққан топилмалар Мингтепа ёдгорлигининг сиёсий, маданий ҳаёти, ҳудуднинг илк ўрта асрлардаги тарихий тараққиёти ҳақида янги илмий хулосалар олишга ёрдам беради.
[gallery-30508]
– Институтимизнинг бу йилги дала-қазув режаси асосида Мингтепада иш олиб боряпмиз, – дейди Самарқанд археология институти илмий ходими Ҳусниддин Раҳмонов. – Бундан аввал ҳам, 2016 йилдан буён ушбу ёдгорлик бўйича қазишма ишларида қатнашиб келяпман, илмий тадқиқотим мавзуси ҳам шу объект ҳисобланади. 40 гектар ҳудудни эгаллаган ёдгорликдаги дастлабки изланишларимизда ғарбий қисмда хўжалик уйлари, турли буюмлар, тангалар, кулоллик идишлари, нодир ашёлар топганмиз. Арк қисмидаги ўрганишларни эса яқинда бошладик ва 1,5-2 метр чуқурликни ковлаб кўрганимизда бу ердан шаҳарча ҳукмдори саройи қолдиқларини аниқлашга муваффақ бўлдик. Объектнинг меъморий тузилиши, токчаларда ҳайкаллар ўрни ва ҳайкал топилиши бу жойнинг ҳукмдор яшаган сарой ёки меҳмонлар, элчиларни қабул қиладиган зал бўлгани тўғрисида хулосага келишимизга асос бўлмоқда. Албатта, ҳали қазишма ишлари давом этади ва аркнинг катта қисмини ковлаб ўрганганимизда янаям кўпроқ маълумотларга эга бўламиз. Шу пайтгача қадимий Суғдга оид археологик ёдгорликларда бундай яхлит ҳолдаги ҳайкал намунаси деярли топилмаган. Шунингдек, Мингтепадан топилган турли хил ашёлар VIII асрда Кабуданнинг гуллаб-яшнаган шаҳарча бўлганидан далолат беради.
Тарихий манбаларда ёзилишича, Зарафшон дарёсининг икки томонида қадимий Самарқанднинг 12 та рустоқи, яъни туман марказлари – мулкликлари бўлган. Кабудан ана шундай рустоқлардан бири ва у ҳақда дастлаб Хитой манбаларида маълумот берилади. Уларда Кабудан Афросиёбдан 2 фарсақ узоқликда жойлашгани ҳақида ёзилган. Кабуданга таъриф берилиб, у Афросиёбнинг “йўлдош шаҳри” сифатида тилга олинган. Кабудан думалоқ, шарқдан ғарбга чўзилган, жанубдан шимолга торайган, ўртасидан карвон йўли ўтган, деб таъкидланган. 738 йилдаги “Чефу” (Хитой манбааси)да қайд этилишича, Ғурак ҳукмронлиги даврида унинг ўғли Тургар салтанатга келган вақтда Кабуданда Мосен исмли ҳукмдор бўлган ва унинг 1000 дан ортиқ аскари шаҳар мудофаасини таъминлаган. Кейинчалик араб манбаларида бу шаҳар Кабуданжкат, деб номланган.
Айни пайтда ёдгорликни ўрганиш ишлари давом этмоқда ва тадқиқотлар энди бу топилмаларни асраш, бу жойни очиқ осмон остидаги музейга айлантириш зарурлигини таъкидламоқда.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/UVK4VwcY9bU" title="Jomboydagi arxeologik yodgorlikdan hukmdor saroyi qoldiqlari topildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат, видео),
ЎзА мухбирлари