Муносабат
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш, Халқ қабулхоналари фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш ҳамда жамоатчилик фикрини чуқур таҳлил қилишга бағишланган видеоселекторда фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш тизимининг бугунги ҳолати, амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлиги ва келгусидаги устувор вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.
Сўнгги тўққиз йилда аҳоли даромадлари икки баробарга ортди. Маҳаллаларда инфратузилмани яхшилаш, аҳоли турмушини юксалтириш учун жорий йилда 56 триллион сўм маблағ ажратилмоқда. Албатта, бундай кенг кўламли ишлар инсон манфаатларини таъминлаш, фуқароларни қийнаётган муаммоларга ечим топишга хизмат қилади.

Бироқ, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, мавжуд имкониятларга қарамасдан, айрим ҳудудларда аҳоли мурожаатлари ўз вақтида ҳал этилмаётган ҳолатлар ҳам учрамоқда. Шу боис бу тизимни янада такомиллаштириш муҳим аҳамият касб этади.
Аввал фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш тизими бугунги даражада эмас эди. Кўплаб одамлар ўз муаммосини ҳал қилиш учун турли идоралар эшигини тақиллатиб юришга мажбур бўлар, ариза ва шикоятлар ойлаб ташкилотлар орасида сарсон бўлиб юрарди. Бюрократик тўсиқлар ва расмиятчиликлар фуқароларнинг давлат институтларига бўлган ишончига ҳам таъсир кўрсатган.
Мана шундай вазиятни тубдан ўзгартириш мақсадида 2016 йил 28-декабрь куни Президент томонидан “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Ушбу ҳужжат асосида Президентнинг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналари ташкил этилди. Бу эса фуқароларга ўз муаммоларини бевосита давлат раҳбари назоратидаги тизим орқали билдириш имконини берди.
Бу тизимнинг муҳим жиҳати шундаки, мурожаатларни қабул қилиш билан чекланмайди. Электрон мурожаатлар, шахсий қабуллар, сайёр учрашувлар ва марказлашган назорат механизми бирлаштирилиб, давлат ва жамият ўртасида очиқ мулоқот тизими шакллантирилди. Натижада давлат бошқарувида янги маданият – инсон манфаатлари устувор бўлган бошқарув тамойили қарор топмоқда. Бир йил давомида ҳокимлар ва ташкилот раҳбарлари томонидан 97 мингдан ортиқ сайёр қабул ўтказилиб, 404 минг нафардан зиёд фуқаронинг мурожаати тингланди. Уларнинг 57 фоизи ижобий ҳал этилган. Шунингдек, 2025 йил давомида Президент Виртуал қабулхонасига 1 миллион 216 минг мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 579 мингтаси ижобий ҳал қилинган. Бу кўрсаткичлар фуқароларнинг ушбу тизимга бўлган ишончи ортиб бораётганидан далолат беради.
Ушбу жараёнда парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳудудларда фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш ҳолати юзасидан халқ депутатлари кенгашларига юзлаб ахборотлар киритилиб, давлат органлари раҳбарларининг ҳисоботи эшитилди.
Янги ёндашувга кўра, Халқ қабулхоналари фақат ариза қабул қиладиган идора эмас, балки жойлардаги муаммоларни таҳлил қилиб, уларнинг сабабларини аниқлайдиган ва тегишли идоралар билан биргаликда ечим таклиф қиладиган марказга айлантирилмоқда. Шунингдек, мурожаатлар билан ишлашда маҳалла тизимининг масъулияти ҳам оширилмоқда. Албатта, ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири, унинг дарди ва умиди турибди. Шу боис мурожаатларни ўз вақтида кўриб чиқиш, муаммоларни жойида ҳал этиш давлат хизматчиларининг энг муҳим вазифаси бўлиб қолмоқда.
Парламент вакили сифатида биз ҳам аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида барча имкониятлардан самарали фойдаланишга интиламиз. Зеро, инсон қадри улуғланган, адолат ва қонунийлик устувор бўлган жамиятни барпо этиш Янги Ўзбекистон тараққиётининг энг муҳим мақсадларидан биридир.
Гулжан Халмуратова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O’zLiDeP фракцияси, Инновацион ривожланиш ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси аъзоси.
ЎзА.