Аёллар журналистикаси янада фаоллашади
Миллий журналистикамизда хотин-қизларнинг муносиб ҳиссалари бор. Жамиятда кечаётган ислоҳотларни фаол ёритиш, мавжуд муаммо ва камчиликлар ҳақида бонг уриш, теран таҳлилий материаллар тайёрлашда аёл ижодкорлар ҳам самарали меҳнат қилиб келмоқда.
Ўзбекистон журналистлар уюшмаси қошидаги “Журналист аёллар кенгаши”нинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбирда замонавий медиа маконида аёлларнинг ўрни, Ўзбекистон журналистлар уюшмаси фаолиятида аёлларнинг иштирокини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Давра суҳбатида бугунги кун журналист аёлларининг ижтимоий ва касбий қиёфасини шакллантириш бўйича ўзаро фикр алмашилди.
Мулоқотда Ўзбекистон журналистлар уюшмасининг раиси вазифасини бажарувчи Шуҳрат Орипов Уюшманинг жорий фаолияти, режалари ва аёлларга мўлжалланган лойиҳалари ҳақида ахборот берди.
Тадбир қизғин муҳокамалар руҳида ўтди. Иштирокчилар журналист аёллар учун ижодий танловларни жорий этиш, жумладан, “Атиргул” танловини қайта ташкил этиш, журналистлар медиасаводхонлигини оширишга қаратилган лойиҳаларга хотин-қизларни фаол жалб этиш, таҳририятларда "Маҳорат мактаблари"ни йўлга қўйиш таклифларини билдирди.
Мулоқот якунида “Журналист аёллар кенгаши” тадбирларини ҳар ойда ўтказиб бориш, уларда аёллар журналистикасини ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишга келишиб олинди.
Н.Усмонова, ЎзА