Аҳмед Фаруқ Ўзбекистондаги тарихий ислоҳотларни юқори баҳолади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Спикер Н.Исмоиловнинг Покистоннинг Ўзбекистондаги ўз фаолиятини якунлаётган Фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмед Фаруқ билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда сўнгги йилларда ҳар икки давлат ўртасида олий даражадаги мулоқотлар фаоллашиб бораётгани, давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси билан икки томонлама ҳамкорлик сифат жиҳатидан юқори босқичга кўтарилгани қайд этилди.
Н.Исмоилов элчининг Ўзбекистон — Покистон муносабатларини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришга қўшган салмоқли ҳиссасини алоҳида қайд этди.
Ўз навбатида, А.Фаруқ самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда барча соҳаларда амалга оширилаётган тарихий ислоҳотларни юқори баҳолади.
Шунингдек, учрашувда икки давлат парламентлари ҳамкорлигини кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Ўзбекистон ва Покистон ўртасида олий даражада эришилган келишувларнинг ижросини таъминлашда парламентларнинг ролини кучайтириш зарурлиги қайд этилди.
М.Комилова,
ЎзА