Сохта профиллар орқали фуқаролар алданмоқда
Бугунги кунда интернет ва рақамли технологиялар инсон ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб бормоқда. Ижтимоий тармоқлар, мессенжерлар ва турли онлайн платформалар орқали ахборот алмашиш, мулоқот қилиш ҳамда хизматлардан фойдаланиш имкониятлари кенгаймоқда.
Бироқ бу қулайликлар билан бир қаторда киберфирибгарлик ва сохта аккаунтлар орқали содир этилаётган жиноятлар ҳам ортиб бормоқда. Айниқса, машҳур шахслар, давлат идоралари раҳбарлари ва масъул ходимлари номидан сохта профиллар очиб, фуқароларни алдаш ҳолатлари тез-тез учрамоқда. Бундай аккаунтлар орқали фирибгарлар турли йўллар билан одамларнинг ишончига киришга ҳаракат қилмоқда.
Хусусан, сохта профиллар орқали, пул маблағларини ўтказишни сўраш, шубҳали ҳаволалар юбориш, шахсий маълумот ва банк реквизитларини қўлга киритиш, ёлғон ахборот тарқатиш каби ноқонуний ҳаракатлар амалга оширилмоқда.
Шу муносабат билан фуқаролардан ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган ҳар қандай хабар ва маълумотга нисбатан эҳтиёткор бўлиш сўралмоқда. Агар Миллий статистика қўмитаси раҳбарияти ёки масъул ходимлари номидан шубҳали хабарлар келиб тушса, уларнинг ҳаққонийлигига ишонч ҳосил қилмасдан туриб, ҳеч қандай амални бажармаслик тавсия этилади.
Бундай вазиятларда расмий веб-сайтда кўрсатилган телефон рақамлари орқали ташкилот қабулхонаси ёки масъул ходимлар билан боғланиб, маълумотга аниқлик киритиш мақсадга мувофиқ. Қайд этилишича, ахборот хавфсизлигига риоя қилиш, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш ва шубҳали аккаунтларга ишонмаслик ҳар бир интернет фойдаланувчисининг муҳим масъулияти ҳисобланади. Агар фирибгарлик ҳолати ёки шубҳали ҳаракатлар аниқланса, зудлик билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиш зарур.
Ш.Маматуропова, ЎзА