Аграр соҳа мутахассислари тайёрланаётган маскан
ФОТОРЕПОРТАЖ
Нукус шаҳридаги Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти 2021 йил Тошкент давлат аграр университетининг Нукус филиали базасида ташкил этилган. Маскан қишлоқ хўжалиги соҳаси учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш, илмий-инновацион фаолиятни ривожлантириш ҳамда аграр соҳада замонавий технологияларни жорий этиш борасида самарали фаолият юритмоқда.
Бугунги кунда олий таълим даргоҳида 197 нафар профессор-ўқитувчи меҳнат қилаётган бўлиб, улар орасида 10 нафар фан доктори (DSc), 89 нафар фан номзоди (PhD) ҳамда доцентлар мавжуд. Бу кўрсаткич институтда таълим сифати юқори даражада эканлигини ва илмий изланишларга катта эътибор қаратилаётганини тасдиқлайди.
[gallery-29031]
Институтда 20 та таълим йўналиши бўйича 3086 нафар талаба таҳсил олмоқда.
Халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилган. 2025 йил давомида институтнинг 34 нафар профессор-ўқитувчиси хорижий давлатлардаги университетлар ва илмий ташкилотларда стажировка ва амалиёт ўтаб қайтди. Жорий йилда эса 150 нафар талаба хорижий давлатларда қисқа муддатли илмий ва амалий стажировкаларда иштирок этиши режалаштирилган. Бу эса талабаларнинг халқаро тажрибага эга бўлишига хизмат қилади.
Институт “Агробанк” АТБ ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда “Фермерлар мактаби” ва “Сувчилар мактаби” номли 2 ойлик ўқув курсларини ташкил этган. Ушбу курслар қишлоқ ёшларини тадбиркорликка йўналтириш ва амалий билимларини оширишга хизмат қилади.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ(сурат),ЎзА