Пойтахтда мебель ва ёғочсозлик саноати кўргазмаси иш бошлади (+видео)
Жорий йилнинг 28 апрелидан бошлаб “Ўзэкспомарказ”да “Ёғочсозлик. Мебель бутловчи қисмлари. Мебель ва интерьер – WoodTech & MebelExpoUzbekistan 2026” 22-Халқаро кўргазмаси иш бошлади.
Унда 13 мамлакатдан 127та компания иштирок этмоқда. Кўргазма павильонларида замонавий ёғочсозлик ва мебель, бутловчи қисмлар, кимёвий воситалар, фурнитура, аксессуарлар, тайёр мебеллар ва ишлаб чиқариш учун зарур ускуналар намойиш қилинмоқда. Унда Австрия, Швейцария, Швеция, Туркия, Россия, Беларусь, Германия, Италия, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон каби давлатларнинг нуфузли компаниялари соҳадаги энг сўнгги янгиликлар, хизматлар ва ишланмаларини тақдим этди.
- Бизнинг компания Гуандунда жойлашган, - дейди хитойлик кўргазма иштирокчиси Мерий Ли. - Ушбу кўргазмада илк бор иштирок этмоқдамиз. Ишлаб чиқаришимиз асосан мебеллар учун бутловчи қисмлар тайёрлашга мўлжалланган. Масалан, шкафнинг ҳаракатланувчи тортмаларига қўлланиладиган механизм жуда пишиқ, мустаҳкам металдан тайёрланган. Панжара пардаларимиз қўлда ва ўзи механик ҳаракатлана олади.
Кўргазма иштирокчиларининг салмоқли қисмини хорижий компаниялар ташкил қилди. Шундай бўлсада маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимиз ҳам эътиборга молик маҳсулотларини кўз-кўз қила олди.
Шу билан бирга 11та етакчи ишлаб чиқарувчиларни бирлаштирган Туркия миллий павильони кўпчиликнинг эътиборини тортди. Ушбу давлатнинг энг йирик лак-бўёқ, ёғоч қопламалари ва мебель ишлаб чиқариш ускуналари, бутловчи қисмлари, фурнитура ва аксессуарлари алоҳида ажралиб турди.
Айтиш керакки, мазкур кўргазма тайёр мебель маҳсулотлари, интерьер буюртмалари, декор секторидаги етказиб берувчилар ва истиқболли ҳамкорлар билан тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш ва алоқаларни ўрнатиш учун қулай майдондир.
Бу ерда ёғочсозлик ва мебель ишлаб чиқариш учун юқори технологияли замонавий ускуналарни биринчи қўлдан сотиб олиш, уни ишлатиш бўйича маслаҳат олиш, Европа ва Осиё етакчиларининг сифат кафолати билан ёғочни қайта ишлаш воситаларининг кенг тўплами билан яқиндан танишиш имкони бор.
Яна бир эътиборли томони кўргазманинг очиқ павильонида тайёр мини фабрикани учратдик. Мутахассислар ёғочга шу ернинг ўзида ишлов бериб, қандай тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш кераклигини амалда кўрсатиб бера олдилар.
Хуллас бу галги кўргазмада асосий урғу тадбиркорга ишлаб чиқариш мажмуалари ва линияларини тайёр ҳолда яхлит етказиш ва қуриб ишга туширишга қаратилибди.
“Iteca Exhibitions” халқаро компанияси томонидан ташкил қилинган кўргазма 30 апрелга қадар давом этади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/4xhb-KC9F_c" title="Poytaxtda mebel va yog‘ochsozlik sanoati ko‘rgazmasi ish boshladi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Дониёр Якубов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА