6 мингдан ортиқ кучли таъсир қилувчи дори воситалари мусодара қилинди
Бугун мамлакатимизда анъанавий гиёҳванд моддалардан кўра, нархи нисбатан арзон бўлган синтетик наркотиклар ва кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний айланмаси кўп кузатилмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ, республикамиз ҳудудида эркин муомаласи таъқиқланган бундай дори воситалари асосан қўшни давлатлардан ноқонуний йўллар билан олиб келиниб, яширин тарзда сотилмоқда.
Афсуски, тиббий мақсадларда фойдаланиш учун мўлжалланган кучли дори воситаларининг айрим ёшлар томонидан мастлик ҳолатига тушиш мақсадида ишлатилиши, уларнинг соғлиғига ва келажагига жиддий зарар етказмоқда.

Бундай салбий оқибатларнинг олдини олиш мақсадида ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан мунтазам равишда тегишли чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Жумладан, Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Ички ишлар ва Божхона органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида Фарғона шаҳрида истиқомат қилувчи1974 й.т. фуқаро келгусида сотиш мақсадида ўз яшаш хонадонида 3580 дона “Регапен” кучли таъсир қилувчи дори воситаларини сақлаётганлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинди.
Бошқа ҳолатда эса “Қўқон – Тошкент” йўналишида ҳаракатланаётган, Қўқон шаҳрида яшовчи 1990 й.т. шахс бошқарувидаги “Ласетти” русумли автотранспорт воситаси тўхтатилиб текширилганда, унинг салон қисмига 2520 дона “Регапен” дори воситалари хуфиёна тарзда яшириб қўйилганлиги маълум бўлди.
Ҳозирда ҳар икки ҳолат бўйича қонунбузарларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳурматли фуқаролар, кундалик ҳаётда гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ ҳолатларга дуч келсангиз ДХХнинг 1520 қисқа рақамига қўнғироқ қилиб, хабар беринг. Шахсингизнинг сир сақланиши кафолатланади.