2026-2030 йилларда атмосфера ҳавоси сифатини яхшилашга қаратилган "Тоза ҳаво" умуммиллий лойиҳасининг асосий мақсадлари белгиланди
Ўзбекистон Республикаси Президенти “Атмосфера ҳавоси сифатини яхшилашга қаратилган “Тоза ҳаво” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Унга мувофиқ, қуйидагилар 2026-2030 йилларда атмосфера ҳавоси сифатини яхшилашга қаратилган "Тоза ҳаво" умуммиллий лойиҳасининг асосий мақсадлари этиб белгиланди:
а) атмосферага чиқариб ташланаётган ифлослантирувчи моддалар миқдорини 10,5 фоизга камайтириш;
б) атроф-муҳитга таъсири бўйича I ва II тоифага кирувчи корхоналарда автоматик мониторинг станциялари ва чанг-газ тозалаш ускуналари ўрнатилишини таъминлаш;
в) саноат объектларидан чиқадиган ташламаларни ушлаб қолиш улушини 32 фоизга етказиш;
г) РМ2,5 бўйича миллий меъёрлардан ошиш кузатилган кунлар сонини камайтириш;
д) транспорт воситаларидан атмосфера ҳавосига чиқарилаётган ифлослантирувчи моддалар ҳажмини 10 фоизга қисқартириш.
Фармон билан:
а) Атмосфера ҳавоси сифатини яхшилашга қаратилган "Тоза ҳаво" умуммиллий лойиҳасининг мақсадли кўрсаткичлари;
б) Атмосфера ҳавоси сифатини яхшилашга қаратилган "Тоза ҳаво" умуммиллий лойиҳасини Тошкент шаҳрида амалга ошириш дастури;
в) Атмосфера ҳавоси сифатини яхшилашга қаратилган "Тоза ҳаво" умуммиллий лойиҳасини Тошкент шаҳрида амалга ошириш дастурининг мақсадли кўрсаткичлари;
г) Тошкент шаҳрида 2030 йилгача яшил ҳудудлар тизимини ривожлантириш ва бу борада аҳоли эҳтиёжларини таъминлашнинг мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди.
Фармонга кўра, Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича махсус комиссия фаолияти 2027 йил 1 мартгача узайтирилади ҳамда унинг номи Экологик вазиятни яхшилаш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича республика махсус комиссияси этиб ўзгартирилади.
2026 йил 1 июлгача Фарғона, Андижон ҳамда Наманган вилоятлари;
2026 йил 1 августгача Тошкент, Сирдарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятлари;
2026 йил 1 октябргача Қашқадарё, Сурхондарё, Навоий ва Бухоро вилоятлари;
2026 йил 1 декабргача Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Хоразм вилоятида "Тоза ҳаво" умуммиллий лойиҳасини амалга оширишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари ишлаб чиқилади.
Мазкур Фармонда назарда тутилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилиб, белгиланган тартибда қабул қилингунига қадар "Тоза ҳаво" умуммиллий лойиҳасини ҳудудларда амалга ошириш Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда вилоятлар халқ депутатлари кенгашлари томонидан тасдиқланган дастурларга мувофиқ амалга оширилади.
ЎзА