2025 йилда 3 минг 296 гектар ҳимоя ўрмонзорлари барпо этилган
Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2025 йилдаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот муҳокама қилинди.
Ҳисоботда келтирилганидек, 2025 йилда ялпи ички маҳсулот ўсиши 7,7 фоизни ташкил этган, давлат бюджети даромадлари эса ўтган йилга нисбатан сезиларли даражада кўпайган. Ҳудудларни комплекс ривожлантиришга қаратилган дастурлар натижасида ҳудудлар иқтисодиётида ҳам барқарор ўсиш таъминланган. Ҳудудларнинг ўртача иқтисодий ўсиш суръати 8,4 фоизни ташкил этиб, мамлакат иқтисодий ўсишининг асосий омилларидан бири бўлди.

Фракция аъзолари бюджет ижросида экологик масалаларга алоҳида эътибор қаратди. Қайд этилганидек, 2025 йилда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тадбирларини молиялаштиришга алоҳида эътибор билан ёндашилган. Қайта тикланувчи энергия манбалари улушини ошириш, сув хўжалигини ривожлантириш, кўкаламзорлаштириш ишларини кенгайтириш ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган дастурларни молиялаштириш бўйича қатор ишлар амалга оширилган.
Йўналтирилган маблағлар натижасида Орол денгизининг қуриган тубида ва Оролбўйи минтақасида 251 минг гектардан ортиқ, тоғолди ва бошқа ҳудудларда 6,2 минг гектар майдонда ўрмон барпо этиш ва қайта тиклаш ишлари амалга оширилган. Экологик муҳитни яхшилаш мақсадида 3 минг 296 гектар майдонда ҳимоя ўрмонзорлари барпо этилган. Шунингдек, 5 минг 890 гектарда доривор ва озуқабоп ўсимликлар плантацияси барпо этилган.

Сув хўжалиги соҳасида энергия тежамкорликни таъминлаш ва сув тежовчи технологияларни жорий этишни молиялаштириш натижасида сув насослари ва энергия тежамкор электродвигателлар ўрнатилиши таъминланган. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги корхоналарига 40,8 минг гектар пахта майдонларида томчилаб ва дискрет суғориш тизимини йўлга қўйиш учун субсидиялар ажратилган. 2025 йилда республика бўйича 886,6 минг гектар экин майдонларида сув тежовчи технологиялари жорий этилган.
— Фракциямиз муҳокамалари давомида учта масалага алоҳида эътибор қаратдик, — дейди фракция аъзоси Дилдора Камолова. — Яъни, режа, унинг ижроси ва парламент назорати. Давлат бюджети ижросида шаффофлик ва очиқлик муҳим аҳамиятга эга. Ўтган йилда ЯИМ 147 миллиард долларга етгани, аҳоли жон бошига эса 48,8 млрд. сўмни ташкил этгани эътиборга молик. Шунингдек, мақсадли кўрсаткичларнинг бажарилиши масалаларига эътибор қаратилди. Жумладан, ижтимоий соҳа бўйича индикаторларнинг бажарилиши, “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида Сайхунобод ва Зарбдор тажрибаларини қўллаш асосида микролойиҳалар амалга оширилган. Фракциядошларимиз муҳокамаларда экология ва иқлим ўзгариши соҳасидаги бюджет маблағларининг ижросига алоҳида ёндашдилар. Ҳисобот йилида мазкур йўналишга 1 млрд. 900 мингга яқин маблағ ажратилган. Унинг асосий қисми иқлим ўзгариши масалаларига йўналтирилган.
Муҳокамалар давомида депутатлар ўрмон фонди ерларидан самарали фойдаланиш, табиий ресурсларни муҳофаза қилиш ҳамда ажратилаётган давлат маблағларнинг натижадорлигини янада ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб, бир қатор таклиф ва тавсиялар берди ҳамда 2025 йилги бюджет ижроси тўғрисидаги ҳисоботни қўллаб-қувватлади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА