Сув таъминоти соҳаси мутахассислари Сеулда малака оширмоқда
Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш масаласи бугунги кунда дунё мамлакатлари олдида турган муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Бу борада халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, илғор тажриба ва замонавий технологияларни ўрганиш соҳа самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу мақсадда “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти ходимлари Корея Республикасида ташкил этилган нуфузли халқаро малака ошириш дастурида иштирок этмоқда. Дастур Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) таклифи асосида Сеул университети томонидан ташкил этилган бўлиб, 2024-2026 йилларга мўлжалланган уч йиллик салоҳиятни ошириш лойиҳасининг якуний босқичини ташкил этади.

Мазкур ўқув курси “Ўзсувтаъминот” АЖ ва унинг ҳудудий ташкилотларида фаолият юритаётган раҳбар ҳамда етакчи техник мутахассисларнинг ичимлик суви таъминотини барқарор бошқариш бўйича билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлашга қаратилган.

Дастурнинг биринчи куни иштирокчиларга Корея Республикасининг маданияти, иқтисодиёти, миллий қадриятлари ва технологик тараққиёти ҳақида атрофлича маълумотлар тақдим этилди. Бу эса тингловчиларга мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш тажрибасини ҳамда сув хўжалиги соҳасидаги ютуқларини чуқурроқ англаш имконини беради.

Очилиш маросимида Сеул университети профессори доктор Сеунг Бом Со сўзга чиқиб, дастурнинг аҳамиятига тўхталди. Унинг таъкидлашича, мазкур лойиҳа Ўзбекистон сув таъминоти тизимида фаолият юритаётган мутахассисларнинг касбий салоҳиятини оширишга хизмат қилади. Шунингдек, сув танқислиги билан боғлиқ муаммоларга ечим топишда Кореянинг кўп йиллик тажрибаси, илмий ёндашувлари ва амалий билимларини ўрганиш муҳим аҳамиятга эга экани қайд этилди.

Шундан сўнг иштирокчилар ҳамда профессор-ўқитувчилар ўзаро таништирилди, Сеул университетининг фаолияти ва инфратузилмаси ҳақида тақдимот ўтказилди. Тингловчилар икки ҳафталик интенсив ўқув дастури мазмуни билан ҳам батафсил таништирилди.
Дастур доирасида Сеул шаҳри сув бошқаруви тизими мисолида ақлли бошқарув моделларини жорий этиш, сув омборларини самарали бошқариш, соҳада лойиҳаларни амалга оширишда харажатлар ва муваффақият омилларини таҳлил қилиш, шунингдек, сув таъминоти тизимида активларни бошқариш бўйича амалий машғулотлар ташкил этилади.

Шу билан бирга, иштирокчилар Корея Республикасининг соҳага ихтисослашган етакчи муассасалари ва муҳим инфратузилма объектларига ташриф буюриб, замонавий бошқарув тажрибаси ҳамда инновацион ечимлар билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлади.
Ўқув дастурининг биринчи куни якунида тингловчилар учун Сеул университетига экскурсия ташкил этилди. Унда қатнашчилар университетнинг илмий салоҳияти, таълим жараёни ва тадқиқот муҳити билан яқиндан танишди.
Нилуфар Бозорова, ЎзА