17 июнь куни осмонда ноёб ҳодиса кузатилади
Июнь ойида бир қатор қизиқарли астрономик ҳодисаларнинг гувоҳи бўлиш мумкин. Айниқса, 17 июнь куни кечқурун Ой ва Венера сайёрасининг яқинлашуви осмон кузатувчилари учун ўзига хос томоша тақдим этади.
“Ўзбеккосмос” агентлиги маълум қилишича, 17 июнь куни Ой Венерага жуда яқин масофада кўринади. Дунёнинг айрим ҳудудларида эса Венера қисқа вақтга Ой ортида қолиб, кўринмай қолиши ҳам кузатилиши мумкин.
Мутахассислар таъкидлашича, Ўзбекистонда мазкур ҳодисани кузатиш учун энг қулай вақт Қуёш ботганидан кейинги 30–60 дақиқа ҳисобланади. Бу вақтда ғарбий уфқ томон қаралса, Ой ва Венеранинг бир-бирига яқин жойлашганини кўриш мумкин бўлади.
Агар об-ҳаво очиқ бўлса, осмондаги ушбу гўзал манзарани оддий кўз билан ҳам кузатиш мумкин. Астрономик ҳодисаларга қизиқувчилар учун бу кеча унутилмас таассуротлар тақдим этиши кутилмоқда.
Н.Раҳмонова,
ЎзА