Зомин семинари халқаро майдонга чиқди
Жиззах вилоятининг сўлим Зомин бағрида Республика ёш ижодкорларининг анъанавий “Зомин семинари” давом этмоқда.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан ташкил этилган семинарда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган ёш ижодкорлар, устоз ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос олимлар, шунингдек, “Ёш ватандош ёзувчи” лойиҳаси асосида хорижий давлатлардан таклиф этилган ўзбек тилида ижод қилувчи қаламкашлар иштирок этмоқда.
Семинарнинг тантанали очилиш маросими Зомин туманидаги Навоий қораметаллургия комбинатига қарашли сиҳатгоҳ амфитеатрида бўлиб ўтди.
Тадбир аввалида Жиззах вилояти ҳокимининг ўринбосари Дилмурод Худойшукуров иштирокчиларга вилоят ҳокимининг табригини ўқиб эшиттирди.
Мамлакатимиз адабий ҳаётида алоҳида ўрин тутадиган “Зомин семинари” кўп йиллардан буён ёш ижодкорлар учун маҳорат мактаби вазифасини ўтаб келмоқда. Бу даргоҳда устоз ва шогирд анъаналари мустаҳкамланиб, юзлаб иқтидорли қалам соҳиблари катта адабиётга йўлланма олди.
1997 йилдан буён ўтказиб келинаётган мазкур семинар нафақат янги истеъдодларни кашф этди, балки улар учун бир умрлик ижодий сабоқ ва ҳаётий тажриба мактабига айланди.
Ўтган йиллар давомида Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Усмон Азим, Азим Суюн, Муҳаммад Юсуф каби улуғ адибларнинг сабоқларини тинглаш бахти Иқбол Мирзо, Фарида Афрўз, Салим Ашур, Зебо Мирзо каби навқирон ижодкорларга насиб этган бўлса, кейинчалик Ғайрат Мажид, Нодир Жонузоқ, Шодмонқул Салом, Гулжамол Асқарова, Муҳиддин Абдусамад, Озода Бекмуродова, Ҳаёт Шодмон, Шуҳрат Ориф, Наргиза Асадова, Носир Жўраев, Дилрабо Мингбоева, Беҳзод Фазлиддин, Адиба Умирова каби ўрта авлод вакиллари ҳам муносиб издош сифатида камол топди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид мамлакатимизда ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг истеъдодини рўёбга чиқаришга хизмат қилаётган ишлар китобхонлик маданиятини юксалтириш ва ёшлар маънавиятини бойитишга қаратилган давлат сиёсатининг узвий давоми эканини алоҳида таъкидлади.
Тадбирда Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Кенесбой Каримов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Тошкент вилояти бўлими раҳбари, Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир, “Ватандош” жамоат фонди бошқаруви раиси Одилжон Сатторов ва бошқалар сўзга чиқди. Нутқларда кейинги йилларда мамлакатимизда иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, улар учун кенг имкониятлар яратиш давлат сиёсати даражасига кўтарилгани, бу эзгу тамойил миллий адабиёт тараққиётида ҳам яққол намоён бўлаётгани алоҳида қайд этилди.
[gallery-440616]
– Бугун осмонўпар Зомин тоғлари бағрида ўтаётган Республика ёш ижодкорлари семинарида иштирок этаётганимдан жуда мамнунман, – дейди жиззахлик ёш ижодкор Хуршида Суюнова. – Бу нуфузли анжуманда ижод намуналаримизни устозларга тақдим этиш, уларнинг маслаҳат ва тавсияларини олиш биз учун ниҳоятда муҳим. Бу ерда олган сабоқларимиз келгуси ижодимиз учун мустаҳкам пойдевор бўлишига ишонаман.
“Зомин семинари” адабиёт майдонига кириб келаётган ёш авлодни қўллаб-қувватлаш, уларнинг истеъдодини рўёбга чиқариш, устозлар баҳосидан ўтказиш ва янги ижодий парвозлар сари руҳлантиришдек эзгу мақсадларга хизмат қилиб келмоқда. Ана шу маърифий лойиҳа туфайли бугун адабиётимизда муносиб ўрин эгаллаган, китобхонлар меҳрини қозонган кўплаб ижодкорлар вояга етди.
Бу йил ҳам семинарда қатнашиш учун ёш қаламкашлар орасидан энг иқтидорлилари саралаб олинди. Уларнинг ижодий изланишлари, асарлари ва келгуси режалари устозлар томонидан атрофлича муҳокама қилиниши кўзда тутилган.
– Адабиёт ва ёшларга қаратилаётган юксак эътибор туфайли “Зомин семинари” бугун мамлакатимизда ҳар бир ёш ижодкор қатнашишни орзу қиладиган йирик адабий анжуманга айланди. Энди у Республика доирасидан чиқиб, халқаро нуфуз касб этмоқда. Бу йил биринчи марта “Ёш ватандош ёзувчи” лойиҳаси асосида хорижий мамлакатлардан ўзбек тилида ижод қилувчи ёш қаламкашлар иштирок этаётгани семинар мақомини янада юксалтирди, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Жиззах вилояти бўлими раҳбари Меҳрибон Абдураҳмонова.
Уч кунлик семинар доирасида адабий анжуманлар, назм, наср, таржимонлик ва бадиий публицистика йўналишлари бўйича шуъба машғулотлари, устоз ижодкорлар иштирокида маҳорат дарслари, шеърият кечалари, ижодий учрашувлар ҳамда “Биринчи китобим” лойиҳаси доирасида нашр этилган китоблар тақдимотлари ўтказилиши режалаштирилган.
Республика ёш ижодкорларининг “Зомин семинари” давом этмоқда.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари