Ўзбекистонда олий таълим қамрови кенгаймоқда
Олий таълим мамлакатнинг интеллектуал салоҳиятини шакллантирувчи энг муҳим тизимлардан бири ҳисобланади.
Кейинги йилларда янги олийгоҳларнинг ташкил этилиши, хусусий университетлар сонининг ортиши, қабул параметрларининг кенгайиши ҳамда таълимнинг турли шакллари жорий этилиши натижасида талабалар сони сезиларли даражада ўсди. Бу эса аҳолининг олий таълимга бўлган эҳтиёжи ва қизиқиши тобора ортиб бораётганини кўрсатмоқда.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025/2026 ўқув йили бошида Ўзбекистондаги олий таълим ташкилотларида таҳсил олаётган талабалар сони 1 миллион 535 минг нафарни ташкил этган.
Уларнинг 1 миллион 478,7 минг нафари (96,3 фоизи) бакалавриат босқичида, 56,3 минг нафари (3,7 фоизи) эса магистратурада таҳсил олмоқда. Бу кўрсаткич бакалавриат мамлакат олий таълим тизимининг асосий қисмини ташкил этаётганини, магистратура эса илмий ва касбий ихтисослашув босқичи сифатида нисбатан ихчам аудиторияни қамраб олишини англатади.
Ҳудудлар кесимида энг кўп талаба Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келади. Пойтахтда 579,3 минг нафар талаба таҳсил олмоқда. Бу мамлакатдаги барча талабаларнинг қарийб 38 фоизи демакдир. Бундай юқори кўрсаткичга Тошкентда республикадаги энг йирик давлат ва хусусий олий таълим муассасалари, хорижий университетлар филиаллари ҳамда илмий марказлар жамлангани сабаб бўлмоқда.
Кейинги ўринларда Бухоро вилояти (117,7 минг нафар), Қашқадарё вилояти (111,6 минг нафар) ва Тошкент вилояти (101,5 минг нафар) қайд этилган. Шунингдек, Фарғона (98,9 минг нафар) ҳамда Самарқанд (93,9 минг нафар) вилоятларида ҳам талабалар сони юқори бўлиб, мазкур ҳудудларда олий таълим муассасалари тармоғи кенгайиб бораётганини кўрсатади.
Рейтингнинг қуйи қисмида эса Сирдарё вилояти (23,2 минг нафар), Жиззах вилояти (32,4 минг нафар) ва Навоий вилояти (42,5 минг нафар) жойлашган. Бу ҳолат аҳоли сони, олий таълим муассасалари сони ҳамда таълим инфратузилмасининг ҳудудлар бўйича фарқланиши билан изоҳланади.
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, сўнгги йилларда мамлакатда олий таълим тизими нафақат сон жиҳатидан, балки ҳудудий қамров бўйича ҳам кенгаймоқда. Бироқ, магистратура босқичида таҳсил олаётганлар улушининг ҳануз пастлиги илмий кадрлар тайёрлаш, тадқиқот фаолиятини ривожлантириш ва юқори малакали мутахассислар сонини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирларни давом эттириш зарурлигини ҳам кўрсатади. Шу боис келгуси йилларда таълим сифати билан бир қаторда магистратура ва илмий фаолиятга қизиқишни ошириш устувор вазифалардан бири бўлиб қолади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА