Замонавий тажрибалар оммалашмоқда
Президент топшириғи амалда
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги таълим муассасаларида ўқитиш сифатини яхшилаш бўйича амалий ишлар қилинмоқда. Хусусан, 2023-2024 ўқув йилидан бошлаб 500 та умумий ўрта таълим мактабларида ўқитиш ва билимни баҳолашнинг янги тартиби жорий этилган эди.
2024-2025 ўқув йилидан бошлаб, қўшимча 1минг та умумий ўрта таълим мактаблари мазкур тизим асосида иш олиб бормоқда. Тошкент вилояти бўйича дастлаб 28 та мактаб мазкур мезонлар асосида фаолият юритган бўлса, жорий ўқув йилидан 66 та мактаб мазкур тизимда ўқувчиларни баҳоламоқда. Қувонарлиси, ўтган ўқув йили давомида 28 та мактаб орасида янги тартиб самарали татбиқ этгани ҳамда ўқувчиларнинг ижобий кўрсаткичи юқори даражада бўлгани учун муассасалар раҳбарлари ва педагогик жамоага устамалар бериш жорий этилди.

Жумладан, 2023-2024 ўқув йил якуни бўйича Ўрта Чирчиқ, Оҳангарон, Чиноз, Қибрай, Бекобод туманлари, Ангрен шаҳридаги айрим умумтаълим мактаби рағбатлантирилди. Жорий ўқув йилида Ангрен шаҳридаги 13-сонли мактабида янги баҳолаш тизими йил бошидан инсон омилисиз онлайн ўтказилмоқда. Ортиқча харажатларни тежаш мақсадида Мактабгача ва мактаб таълими вазирилиги билан келишган ҳолда 32 та умумий ўрта таълим мактабларини компьютер техникаси ҳолати ҳамда интернет тезлиги бўйича хатловлар ўтказилди.
Бундан ташқари, олий ўқув йилидан бошлаб мамлакатимиз умумтаълим мактабларида хорижий тилларни ўрганиш сифатини ошириш мақсадида кўплаб янгиликлар жорий этилмоқда. Хорижий таълим ташкилотлари, элчихона, ваколатли орган, хорижий ва маҳаллий рекрутинг ташкилотлари билан ҳамкорликда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги таълим муассасаларида ўқувчиларга дарс бериш учун хорижий юқори малакали ўқитувчилар жалб этилди.

2024-2025 ўқув йилида Тошкент вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси тасарруфидаги умумтаълим мактабларига 12 нафар хорижлик мутахассислар жалб қилинган. Улар кундалик дарс юкламаларидан ташқари ўқувчилар учун ҳар ҳафтада камида уч марта дарсдан ташқари тўгарак ва маҳаллий ўқитувчилар учун ҳар ҳафтада камида бир марта маҳорат дарслари ва семинарлар ташкил этмоқда.

А.Мусаев, ЎзА