Ўзбекистон ва ICARDA сув хўжалиги соҳасида илмий ҳамкорликни кенгайтиради
Сув танқислиги шароитида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, илмий изланишлар натижаларини амалиётга татбиқ этиш ҳамда замонавий технологияларни кенг жорий қилиш долзарб аҳамият касб этмоқда. Бу борада халқаро илмий ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантириш муҳим ўрин тутади.
Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев ва Қурғоқчил ҳудудларда қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари халқаро маркази (ICARDA) Бош директори Низар Ҳаддад бошчилигидаги делегация ўртасида ўтказилган учрашувда мазкур масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Мулоқотда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сув тежовчи технологияларни такомиллаштириш, ирригация ва мелиорация соҳаларида илмий-амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Вазирлик ахборот хизматининг маълум қилишича, 1977 йилда ташкил этилган ICARDA қурғоқчил ҳудудларда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, сув ва ер ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича илмий тадқиқотлар олиб боради. Марказ Ўзбекистон билан 1998 йилдан буён ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Учрашув доирасида ICARDA ҳамда Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Ҳужжатда сув ресурсларини бошқаришда рақамли ечимлардан фойдаланиш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, шўрланишга қарши курашиш, қўшма илмий тадқиқотлар ўтказиш ва мутахассислар малакасини ошириш каби йўналишлар белгиланган.
Мазкур келишув сув ва ер ресурсларини бошқаришда илғор илмий ишланмалар ҳамда халқаро тажрибадан фойдаланиш, шунингдек, соҳадаги илмий ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА