Замонавий механизмлар амалиётга татбиқ этилмоқда
Бугунги кунда мамлакат иқтисодиётининг барқарор ривожланиши, тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш ва давлат бюджети даромадларини оширишда самарали солиқ маъмуриятчилиги муҳим ўрин тутади. Айниқса, яширин иқтисодиётни қисқартириш, рақамли технологиялардан кенг фойдаланиш ва солиқ тизимида шаффофликни таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган.
Шу муносабат билан Бухоро вилояти солиқ бошқармасида “Бухоро вилоятида солиқ маъмуриятчилиги натижалари ва яширин иқтисодиётни олдини олиш бўйича амалий ишлар” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди. Унда оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар ҳамда жамоатчилик фаоллари иштирок этиб, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг натижалари билан яқиндан танишди.
Матбуот анжуманида Бухоро вилояти солиқ бошқармаси бошлиғи Дилшод Йўлдошев жорий йилнинг ўтган даврида амалга оширилган ишлар юзасидан батафсил маълумот берди.

Таъкидланганидек, 2026 йилнинг дастлабки беш ойида давлат бюджетига 2,1 триллион сўмдан ортиқ маблағ туширилди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 119 фоиз ўсиш суръатини таъминлагани билан аҳамиятлидир.
Ушбу натижалар солиқ базасини кенгайтириш, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, иқтисодий фаолликни рағбатлантириш ҳамда солиқ интизомини мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган тизимли ишлар самараси сифатида баҳоланди.
Анжуманда яширин иқтисодиётни қисқартиришда замонавий ахборот технологиялари ва рақамли платформаларнинг аҳамияти алоҳида таъкидланди.
Бугунги кунда вилоятда “Рақамли бозор” тизими, автотураргоҳлар фаолиятини электрон мониторинг қилиш, карерлар фаолияти устидан рақамли назорат, “D-MED” платформаси, IVMS-2 ахборот тизими, қурилиш объектларини сунъий интеллект орқали кузатиш ва таҳлил қилиш каби замонавий механизмлар амалиётга татбиқ этилган.

Бу тизимлар иқтисодий жараёнларнинг очиқлигини таъминлаш, ноқонуний фаолият ҳолатларини эрта аниқлаш ва инсон омилини қисқартириш орқали солиқ маъмуриятчилигининг самарадорлигини янада оширишга хизмат қилмоқда.
Солиқ органлари томонидан аҳоли ўртасида харид чекларини талаб қилиш маданиятини шакллантиришга ҳам катта эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, “Солиқ” мобил иловаси орқали чекларни рўйхатдан ўтказиш ва кешбек олиш имкониятлари фуқаролар учун қўшимча рағбат яратмоқда.
Маълум қилинишича, фақатгина май ойининг ўзида Бухоро вилоятида 88,1 минг нафар фуқаро харид чекларини рўйхатдан ўтказиб, кешбек хизматидан фойдаланган. Бу эса аҳоли орасида қонуний савдо муносабатларига бўлган қизиқиш ва масъулият тобора ортиб бораётганини кўрсатади.
Матбуот анжуманида “Солиқ ҳамкор” дастури натижалари ҳам маълум қилинди. Жорий йилнинг январь-июнь ойлари давомида мазкур тизим орқали 3 357 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг асосида 2 053 нафар мурожаатчи рағбатлантирилган.
Бу кўрсаткичлар фуқароларнинг иқтисодий жараёнларда фаол иштирок этаётгани, жамоатчилик назоратининг таъсири кучайиб бораётгани ҳамда солиқ қонунчилигига риоя этилишини таъминлашда аҳоли иштирокининг муҳим аҳамият касб этаётганини кўрсатади.
Анжуман давомида солиқ органлари фаолиятида замонавий ёндашувлар тобора кенгайиб бораётгани таъкидланди.

Хусусан, “Текширувдан — сервисга” тамойили асосида тадбиркорларга ҳуқуқий кўмак бериш, маслаҳат хизматларини кенгайтириш, ортиқча бюрократик тўсиқларни қисқартириш ва қулай бизнес муҳитини шакллантириш бўйича ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Бу эса солиқ тизимининг жазоловчи эмас, балки тадбиркорнинг ишончли ҳамкори сифатида фаолият юритишига хизмат қилмоқда.
Матбуот анжумани якунида журналистлар, блогерлар ва ижтимоий тармоқ фаолларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилди.
Шунингдек, 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан бир гуруҳ оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда ахборот соҳаси фаоллари ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири