Экспортёрлар билан очиқ мулоқот ўтказилди
Сирдарё вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Нодиржон Салимжонов томонидан Гулистон туманида жойлашган “Мили Текс Сирдарё” корхонасида экспортёрлар билан очиқ мулоқот ўтказилди. Унда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида учраётган муаммолар, экспорт ҳажмини ошириш имкониятлари ҳамда божхона соҳасидаги янгиликлар муҳокама қилинди.
Учрашув давомида корхона вакиллари экспорт божхона тўловлари билан боғлиқ масалалар, шунингдек, ташқи бозорларга чиқиш жараёнларини янада такомиллаштириш юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдиришди. Масъуллар томонидан амалдаги тартибларга мувофиқ ип-калава маҳсулотлари экспорти учун экспорт божхона божи ставкаси 0,5 фоиз миқдорида, бироқ ҳар тонна учун камида 12 АҚШ доллари ҳисобида қўлланилаётгани ҳақида тушунтириш берилди.

Мулоқот чоғида корхонанинг ишлаб чиқариш қувватлари ва экспорт кўрсаткичлари ҳам ўрганилди. Бугунги кунда корхонада 400 нафардан ортиқ фуқаро доимий иш билан таъминланган бўлиб, жорий йилнинг ўтган даврида қиймати 1,6 миллион АҚШ долларига тенг 704,5 тонна ип-калава маҳсулоти ташқи бозорларга экспорт қилинган.

Шунингдек, корхонанинг истиқболдаги ривожланиш режалари муҳокама қилиниб, ишлаб чиқариш занжирини кенгайтириш мақсадида янги бинолар барпо этилгани қайд этилди. Келгусида ип-калавадан мато тўқиш ҳамда матони бўяш жараёнларини йўлга қўйиш режалаштирилган.


— “Мили Текс Сирдарё” корхонасида ташкил этилгани каби очиқ мулоқотлар вилоятимизда фаолият юритаётган экспортёр корхоналарда мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда. Бундай учрашувлар тадбиркорлик субъектлари фаолиятида юзага келаётган муаммо ва таклифларни жойида ўрганиш, уларга тезкор ечим топиш, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини божхона соҳасидаги янгиликлар ва имкониятлар ҳақида хабардор қилиш ҳамда давлат органлари билан бизнес вакиллари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш имконини беради, — дейди Сирдарё вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати бошлиғи Алишер Ғаффоров.


Муҳими, “Мили Текс Сирдарё” корхонасида ўтказилган очиқ мулоқот давомида тадбиркорларга хориждан хомашё олиб кириб, уни “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режими асосида қайта ишлаб экспорт қилиш имкониятлари ва Шунингдек, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун қатор енгиллик ва қулайликлар яратаётган “Ваколатли иқтисодий оператор” институтининг афзалликлари ҳақида ҳам батафсил маълумот тақдим этилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири