Замонавий кутубхона фойдаланишга топширилди
Чортоқ туманида китобхонлик маданиятини юксалтириш, аҳолининг, айниқса, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва мутолаага бўлган қизиқишини янада оширишга хизмат қиладиган кутубхона фаолият бошлади.
Зафар Диёр номли маҳаллада барпо этилган “Маърифат” кутубхонасининг тантанали очилиш маросимида Наманган вилояти прокурорининг ўринбосари Санжарбек Исмоилов, Нодирабегим номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази директори Дилфуза Ҳакимова, туман ҳокимлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари, шоир ва ёзувчилар, ёш китобхонлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Рамзий лента қирқилиб, масканда китобхонлар учун яратилган шароитлар билан танишилди. Маҳаллий тадбиркорнинг шахсий маблағлари ҳисобидан қарийб бир миллиард сўм эвазига барпо этилган икки қаватли кутубхона 20 минг нусхадан ортиқ китоб фондига ҳамда 65 ўринли замонавий ўқув залига эга. Бу ерда китоб мутолааси, изланиш ва билим олиш учун барча қулай шароитлар яратилган.

Янги кутубхона нафақат китоб ўқиш, балки ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларда китобхонлик маданиятини юксалтириш, маънавий камолот ва интеллектуал салоҳиятни ривожлантиришга хизмат қиладиган муҳим маърифат ўчоғи сифатида фаолият юритади.
Назокат Усмонова,
ЎзА.